«Ата Мекен»нинг собиқ юристлари Атамбаевга 10 млн сом тўлашмайди — Олий суд

524

«Ата Мекен» партиясининг собиқ юристлари Канатбек Азиз ва Таалайкул Токтакунова 16-май куни Олий судда собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг уларга қарши қўйган давъо иши бўйича мажлисда енгиб чиқди.

Демак, Олий суд Азиз ҳамда Токтакуновани айбсиз деб топган Бишкек шаҳар судининг қарорини кучида қолдириб, Атамбаевга тўланувчи 10 млн сомни бекор қилган.

«Энди мен ўзим ҳам, Таалайкул ҳам унга [маълумотни] раддия беришга ҳам, пул беришга ҳам масъул эмасмиз. Бизнинг ҳисоблар ҳибсдан чиқарилди, ундан ташқари, четга чиқишга ҳам чеклов олинди», — деди «Клооп»га Азиз.

У Олий суднинг қарори Алмазбек Атамбаевнинг ҳозирги президент Сооронбай Жээнбеков етаклаган ҳукуматнинг муҳолифатида бўлаётгани билан боғлиқ эмаслигини қўшимча қилди. Сиёсатчилар ўтган йилдан бери очиқ низолашмоқда.

«Атамбаевнинг режими алмашгандан кейин адолатли судга эришамиз деб ишонганмиз. Биз эришдик», — деди Азиз.

Атамбаев «Ата Мекен»нинг аввалги юристларини улар собиқ президентнинг ва унинг атрофидагиларнинг 2017 йили январда  Дача-СУ қишлоғида қулаган турк ҳаво йўлларининг самолётидаги юкка алоқаси бор деб айтиб чиқишгандан кейин судга берган.