Таълим министрлиги мактаб ўқитувчиларига сўнги қўнғироқда совға олишни тақиқлади

595

Қирғизистон Таълим министрлиги мактаб директорлари ва ўқитувчиларга сўнги қўнғироқ тадбирини ўтказиш учун пул йиғиш ва совғалар олишни тақиқлади.

Таълим министри Гульмира Кудайбердиева мазкур буйруққа 6 март куни қўл қўйди. Таълим министрлигининг матбуот хизматидан хабар қилинишича, бу чора  «порахўрлик хавфи»дан огоҳлантириш мақсадида қабул қилинган.

«Биз мактаб директорлари, ўқитувчиларига пул йиғишни тақиқлаймиз, лекин агарда ўқувчиларнинг ота-оналари ўз хоҳишлари билан пул тўпламоқчи бўлса, бунга уларнинг тўла ҳаққи бор», — дейилади матбуот хизматидан.

Таълим министрлигининг кўрсатмасига амал қилмаган директор ва ўқитувчилар маъмурий жавобгарликка тортилади.

Муассасаларга тақиқ тўғрисида ота-оналар мажлисида билдириш топширилди.

Таълим министрлиги Қирғизистон мактабларида сўнги қўнғироқни 25 майга белгилаган.