2017-йили Туркияга иш излаб борган қирғизистонликлар икки мартага кўпайган. Уларнинг кўпчилиги аёллар. Кўпинча, Туркия қонунларини, ижтимоий маданиятини, тилини билмай келган муҳожир аёллар турли зўравонликларга учраган ҳолатлар учрайди. Бунга Анталиядаги Маликани, Анқарадаги Сергулни, Аланиядаги Раънохоннинг воқеаларини мисол келтирсак бўлади.

Материалнинг асл нусхаси «Азаттык» радиосининг сайтида эълон қилинган.

23 ёшдаги Малика Ноотиева ўтган йили 21-декабрда калтакланиб, ҳушсиз ҳолда Анталиянинг  “Оқ денгиз” касалхонасига тушган. Бу вақтгача бошига уч марта оғир жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, бош суяги синиб, у ерга пластик қўйилган.

Малика Ноотиеванинг иши бўйича дастлабки суд йиғини 12-июлда оғир жиноятларни кўрувчи  тўртинчи судда ўтган. Февралда Малика касалхонадан чиқиб, тергов сабабли ҳозир у Анталияда онаси билан яшамоқда. Ҳозирча Малика яхши сўзлолмайди, овози секин чиққани сабабли саволларга жавоб беришда қийналди. Шу сабабли онаси Аделдан унинг аҳволи ҳақида сўрадим.

-«Ҳозир худога шукр яхши бўлиб қолди. Бироқ ўша чап томони ишламаяпти. Ҳозир физиотерапияни ўтаяпмиз. Суд тугаса Қирғизистонга кетмоқчимиз».

Малика бир йил аввал Анталия шаҳрига энагаликка келиб, таниш қизнинг сўзига алданиб, шу фожиали воқеага учраган. Суд мажлисида Малика турк фуқароси М.Й. ни машинасига солиб, Анталиянинг Коркутели ҳудудига олиб борганини эслаб айтиб берган. М.Й. машинада қизга зўравонлик қилиб, бошига қаттиқ темир билан бир неча марта ургандан сўнг йўл четига ташлаб қочиб кетган. Айбланувчи М.Й. судда айбини тан олмаган. Кейинги суд мажлиси Маликанинг соғлиги сабабли январь ойига жилдирилган.

Иллюстратив сурат

Туркиядаги нодавлат ташкилотларнинг маълумоти бўйича 2017-йили ўлкада зўравонлик сабабли ҳар куни бир аёл ҳалок бўлган. Кўпчилиги куёвининг, боласининг ёки эркак қариндошларининг азобини тортади.

Турк ҳукумати жамиятдаги аёлларга бўлган зўравонликни бартараф қилиш учун бир неча қонунларга ўзгартиришлар киритиб, ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқмоқда.

Туркиядаги қирғизистонлик муҳожир аёллар асосан уй хизматларида, текстил маҳсулотлари дўконларида сотувчи, уйларда энага бўлиб, қария, бемор кишиларни қарашади.

Улар сайёҳлар кўп борувчи Истанбул, Анқара, Измир, Анталия каби катта шаҳарларда яшаб, ишлашади. Улар ўзларининг муҳожир қатори ҳуқуқлари билан мажбуриятларини, оғриб қолса мурожаат қилувчи тиббий суғурта бўйича муаммолар масалаларини ҳал қилиш йўлларини деярли билишмайди.

Динаранинг бадалини ким тўлайди?

Динара Алимкулова 28-июлда Анталияда йўл ҳалокатига учрайди. Ўнг оёғининг  товони эзилиб, оғир операция қилинган қирғиз аёлнинг Туркияда уй хизматкори бўлиб ишлаганига етти ой бўлган.

Анталияда қари кишини боқаётган Динара шу оиланинг ўсмир болалари билан бирга 31-июль куни кечки пайт электр моторли велосипед билан дам олишга чиққан. Йўлда ҳалокатга учраб, икки ўсмир билан Динара зудлик билан Акдениз университетининг касалхонасига етказилган.

«Менинг ёнимда 17 ёшдаги бола ва 11 ёшдаги қиз бор эди. Биз электрон велосипед олиб, яхши айланаётган  эдик. Ёмғир яқинда тўхтаган эди».

Иллюстратив сурат

Воқеадан олти ой ўтса ҳам Динарани уриб кетган ҳайдовчи топилмаган. Унинг адвокати Хасан Жан жабрланувчи жорий йилнинг охиригача келиб, ҳукумат берадиган компенсацияни олиш учун комиссиядан ўтиши кераклигини эслатган.

«Динаранинг касалхонадаги барча тўловларини тиббий томондан суғурталаган компания ўз зиммасига олди. Яқин орада Динаранинг товони қайта операция қилиниши керак. Шу сабабли касалхонадаги барча маълумотларни йиғиб, мен жорий йилнинг охиригача ҳужжатларни ўтказишим керак.

Уни уриб кетган ҳайдовчини куч органлари тополмагандан сўнг ҳукумат жабрланган одамга моддий компенсация тўлаб беришга мажбур. Пулнинг суммаси махсус комиссия хулосасидан кейин маълум бўлади. Агар Динара "компенсация етарли эмас" деса, қайта судга беришга ҳақли».

Расмий маълумотлар бўйича Туркияда 19 мингдан ортиқ қирғизистонлик рўйхатдан ўтган. Анталия ҳудудида норасмий турда 6000дан ортиқ қирғизистонлик яшайди.

Аёлни калтаклаган полициячилар жазосиз қоладими?

2017-йилнинг 4-октябрида Туркиянинг ижтимоий тармоқларида Анталиянинг Алания ҳудудида икки полиция ходими ерда ётган аёлни калтаклаётган лавҳа тарқаб, воқеа кескин муҳокамага сабаб бўлган.

Қирғизистонлик аёлни турк полицияси томонидан калтакланаётган видеодан скриншот

Турк полицияси воқеани текшириб, калтакланган аёл 40 ёшдаги қирғизистонлик Р. Арипова экани, у руҳий томондан жабрлангани айтилган.

Калтакланган қирғизистонлик Р. Арипова даволангандан сўнг 20-декабрда Бишкекка қайтиб келди. Бироқ Туркиядаги судда унинг манфаатини ҳимоя қилаётган адвокати Муге Гезгинжи қирғизистонлик аёлни юртига кетганидан хабарсиз эканлигини айтди.

— Бизга ҳеч қандай маълумот берилмаган. Раънохон шу аҳволда қандай қилиб Қирғизистонга кетганини тушунмаяпман. Айбланувчи полиция ходимларидан  бири суд мажлисигача озод қилинган. Иккинчиси суд назоратида. Иккиси ҳам ишдан четлатилди.

Бироқ бу ишни ёпиб, аёлни калтаклаган полиция ходимлари қайта ишга олиниши мумкин. Уларнинг асосий мақсади шу деб ўйлайман.

Жабрланган  Р. Арипова Қирғизистонга кетгунга қадар Туркиянинг Адана шаҳридаги руҳий диспансерда даволанаётгани маълум бўлган. Уни бу аҳволга қандай тушгани номаълум.

Уйини соғиниш...

Истанбул ва Германиянинг Олденбург  университетининг магистранти Айжамал Марат ҳам мана шу Туркиядаги муҳожир аёлларнинг руҳий, ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш мақсадида тадқиқот ўтказди.

— Мен муҳожирлар билан сўзлашаётиб кўплаган тақдирларни эшитдим. Айримлари Қирғизистондаги яқинларини соғинишганини айтишди. Улар ҳар куни иш берувчининг уйини тозалаб ишлашдан, Туркияда қийналиб яшашдан чарчаганини сездим. Айрим муҳожирлар эса аксинча, Туркиянинг ҳавоси, иши ёққанини айтишди.

Туркияга келган муҳожирларнинг кўпчилигида Қирғизистонда бирор бир  муаммоси борлигини сездим. Мен суҳбатлашган аёлларнинг айримлари Қирғизистондаги кам маош сабабли Туркияга келиб ишлашга мажбур бўлганини айтишган. Бундан ташқари оилавий зўравонликдан қочган муҳожир аёлларни ҳам учратдим.

Ўнлаган муҳожир аёллар билан юзма-юз суҳбатлашган Айжамал Маратни асосан уларнинг руҳий ҳолати қизиқтирган. Қирғизистонлик аёллар кўп ҳолларда оғир жисмоний  иш қилганликлари сабабли, бу уларнинг руҳий ҳолатига ҳам  таъсир кўрсатиши  учраб туради.

— Турк тилини яхши билмаслик, атрофдаги одамлар билан мулоқотда чекланиши, жамиятдан узоқ бўлишнинг ўзиёқ чет ўлкалик фуқароларни ҳуркитади . Бундан ташқари, келишилган ишлардан  бошқа ишларни ҳам бажариш мажбурияти юкланганда муҳожирлар ҳақиқатдан ҳам жисмоний томондан чидолмайди деб ўйлайман.

Масалан, эрталабки соат еттидан бошлаб, тунги соат ўн иккигача ишлаганлар ҳам бор экан. Текширувимни "Туркиядаги муҳожирларга ҳуқуқий савод  етишмаслиги сабабли бу масала уларнинг руҳий ҳолатига ҳам таъсир кўрсатмоқда" деб якунладим.

Муваффақиятга эришганлар

Қирғизистонлик муҳожирлар орасида Туркияда ўз фаолиятини олиб бориб, муваффақиятга эришган ҳамюртларимиз ҳам кўп. Ошхона очган Айпери, Айдана ва Айпери бу йил уларнинг қаторига қўшилди. Пойтахт шаҳар Анқарада икки ой аввал ошхона очган уч тадбиркор дугона қизлар бу вақтгача энага ва қарияларни қарашган.

«Биз үчовимиз бир вақтда ишсиз қолдик. Бировни қўлида ишлаётиб, ўзимизни  ишимизни юрутсакчи, деб ўйлай бошладик. Ёлғиз буни амалга оширолмасдик. Кейин учовимиз тўплаган пулимизни йиғиб, етмаганини қарзга олиб кафе ишлата бошладик».

Туркияга ишлагани келган  қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг сони ўтган йилгига нисбатан икки мартага кўпайди. Уларнинг кўпчилиги Қирғизистонда олий маълумотли бўлгани билан асосан ўз касби  бўйича ишламайди.

Бунга турк тилида яхши сўзлай олмагани ва Қирғизистонда олинган дипломнинг турк билим бериш стандартларига тўғри келмаслиги сабаб. Шундай бўлса ҳам, уларнинг орасида мақсад қилиб, турк тилини ўқиб, ўрганиб, турк университет, коллежини битириб, ўз мутахассислиги бўйича ишлаганлар ҳам борлигини қўшимча қилгимиз келади.

Қирғизистонда  ҳозирча Туркияга меҳнат муҳожирлигига кетаётганларга ҳуқуқий, ижтимоий томондан ёрдам бериш ишлари ташкил қилинмаган.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here