«Тинчлик керак». Бишкек ва Ўшда Россия элчихонаси олдида урушга қарши митинг ўтди

187

Қирғизистоннинг икки йирик шаҳри Бишкек ва Ўшда 25-февраль куни Украинани қўллаш ва урушга қарши тинч акциялар ўтказилди. Намойишчилар Россиянинг Бишкекдаги элчихонаси ва Ўшдаги Россия бош консуллиги биноси олдида тўпланишган.

Митингга келганлар «Урушга йўл йўқ», «Тинчлик керак», «Украинада урушни тўхтатинг» ва «Ёлғон ва қотилликни бас қилинг» деган плакатларни кўтариб чиқишди.

«Биз бу ерга позициямизни билдириб ҳамда барча давлатнинг етакчиларига мурожаат қилиш учун чиқдик. Улар Россияни музокаралар столига ўтириб, конструктив диалогга келишга чақиришини истаймиз. Биз урушга қаршимиз», – дейди митинг иштирокчиси Гулшайир Абдирасулова.

Митингга қатнашиш учун келган Россия фуқаролари уруш биргина диктатор туфайли келиб чиққанини таъкидлаб, Украинадаги урушга қарши эканини билдирди.

«Бу биргина диктаторнинг, ўзининг ғояларини амалга оширишни истаган аҳқмоқ диктаторнинг иши [...] Уяламан [...]», — дейди тинчлик митингининг иштирокчиси Станислав.

Шу каби митинг кеча, 24-февралда Бишкекдаги Россия элчилигининг олдида бўлган. Унга қатнашган митингчилар ҳам Украинадаги урушга қарши эканини айтиб чиқишган.

Украинани қўллаш ва урушга қарши митинг дунёнинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлмоқда.

24-февралда Украинадаги урушга қарши Россиянинг кўплаган шаҳарларида митинг ўтган. Аммо митингга чиққанларнинг айримлари қамоққа олинган. «ОВД-Инфо»нинг маълумотига кўра, полиция митинг вақтида 58 шаҳарда 1 789 нафар тинчлик митингининг иштирокчисини қўлга олган.

Сурат: Алексей Душутин / «Новая газета».

Украинада уруш

Россия президенти 24-февралга ўтар кечаси Украинага нисбатан ҳарбий операцияларни бошлаганини эълон қилган.

Унинг айтишича, операциянинг мақсади — «8 йилдан бери геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш». Путин украиналик ҳарбийлардан қуролларини ташлашни талаб қилиб, Россия Украинанинг чегарасини «демилитаризация ва денацификациялишга умид қилади» деб билдирган.

Украина расмийлари ҳам 24-февралда ўтган брифингда «уруш Украина чегараларининг ҳамма ҳудудида бўлаётганини» ва Россия ҳарбийлари бир нечта асосий йўналиш бўйича келаётганини билдирган.

Украина президенти Владимир Зеленский Россия ҳужумининг биринчи кунида 137 нафар украиналик ҳалок бўлгани, яна 316 нафари яраланганини айтди.

Россия томонининг йўқотишлари ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ, бироқ Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг айтишича, Россия Украинада «800 га яқин ҳарбий хизматчиларини» йўқотган.

Украина расмийлари ва оммавий ахборот воситаларига кўра, шаҳарнинг жойлари, жумладан, мамлакат пойтахти Киев Россия қўшинлари томонидан ракета ҳужумларига учраган.

25-февралга ўтар кечаси Украина президенти аҳолининг умумий сафарбарлигини эълон қилди ва Россия билан дипломатик алоқаларни узди. Мамлакат ҳаво ҳудуди ҳам ёпиқ.