Назарбоев: Мен нафақадаман, Тўқаев эса бутун ҳокимиятга эга

402

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултан Назарбаев январнинг бошидаги тартибсизликлардан кейин биринчи марта видеомурожаат қилиб, норозиликлар ҳақида гапирди. Назарбаев мурожаатни бошида охирги воқеалар Қозоғистон мустақиллигини «кўз қорачиғидай сақлаш» кераклигини кўрсатганини таъкидлади.

Шунингдек, Назарбаев митинглар бошлангандан бери Қозоғистон пойтахти Нур-Султан шаҳрида эканини, «пенсионер сифатида» дам олаётганини билдирди. Бундан ташқари, Назарбаев ҳукуматнинг бари президент Касим-Жомарт Токаевда эканини огоҳлантириб, иккисининг ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаганини қўшимча қилди.

«Мени номимга айтилган бир неча мурожаатлар ва ОАВга эълон қилинган маълумотларга жавоб сифатида 2019-йили президентнинг ваколатларини Касим-Жомарт Токаевга ўтказиб берганимни билдираман. Ўша вақтдан бери пенсионер эканимни айтиб қўяйин [...] Токаев хавфсизлик кенгашининг раиси. Яқинда президент “Нур Отан” партиясининг раиси бўлиб сайланади. Шу сабаб элитада ҳеч қандай можаро ёки келишмовчилик йўқ. Бу мавзу атрофидаги миш-мишлар асоссиз», — деди Назарбаев.

*Норозиликлар вақтида Токаев Назарбаевнинг ўрнига хавфсизлик кенгаши раиси бўлиб келган. У Қозоғистон давлат хавфсизлик хизмати раиси Карим Масимов ва унинг ўринбосари, Назарбаевнинг жияни Самат Абишни ишдан четлатди. Кўп ўтмай «КазТрансОйл» ва «Казахгаз» компанияларини бошқарган Назарбаевнинг куёвлари Кайрат Шарипбаев ва Димаш Досанов ҳам ишдан бўшатилган. Ўша вақтда Назарбаев ва Токаев ўртасида можаро бўлаётгани айтила бошлаган.

Қозоғистоннинг биринчи президенти тартибсизликлар «махсус уюштирилганини» билдириб, тўнашлар ва қотилликларни ким қилганини куч органлари аниқлаши кераклигини таъкидлади. Унинг айтишича, тартибсизликлар ўлканинг бутунлигини бузишни кўзлаган.

Бундан ташқари, Назарбаев давлат раҳбари Токаев таклиф қилган ислоҳотларни қўллаш кераклигини қўшимча қилди.

«Биз кризисдан албатта чиқамиз, бундан ҳам кучли бўламиз. Президент халқнинг ҳаётини яхшилайдиган дастурни таклиф қилди, буни қўллаш керак», — деди у.

Қозоғистондаги норозиликлар

Қозоғистондаги норозиликлар 2-январда ўлканинг ғарбидаги Янги-Ўзўн шаҳридан бошланган. У ерда турғунлар газ қимматлаганидан норози бўлиб, тинчлик акциясига чиқишган. Бир неча кундан кейин митингга бошқа шаҳар турғунлари ҳам чиқиб, иқтисодий талаблар сиёсий талабга айланган. Норозилар амалдаги ҳукуматни истеъфосини ва биринчи президенти Нурсултан Назарбаевнинг дахлсизлигини бекор қилишни талаб қилишган.

Митингда энг кўп «Чол, кет!» деган чақириқ айтилган. Натижада 5-январга ўтар кечаси Қозоғистон ҳукумати истеъфога кетган.

Митингчилар билан куч тизимларининг тўқнашуви Олмаотада бўлган. 5-январь куни намойишчилар Олмаота шаҳар маъмуриятини босиб олишган. ОАВда митингчилар президент Касим-Жомарт Токаевнинг Олмаотадаги давлат резиденциясига етганини ҳам ёзишган. Натижада у ерда ёнғин чиққан.

Бундан ташқари, митингчилар Олмаота аэропортини босиб олишган. Бироқ 6-январга ўтар кечаси ҳукумат ҳаво майдони бўшатилганини билдирган. Тадбиркорлар шаҳардаги йирик савдо марказлари талон-тарож қилинганини билдирган.

Норозиликлар тўхтамаётган вақтда Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев митингчиларни «террорист» деб атаб, «террористик хавфдан ўтиш» учун КХШТдан ёрдам сўраган.

6-январга ўтар кечаси Арманистон бош вазири ва КХШТ раиси Никол Пашинян ташкилот Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни юбориш қарорини қабул қилганини билдирган.

11-январда Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев КХШТнинг тинчлик ўрнатиш кучларининг асосий миссияси тугаганини маълум қилган.

14-январда Қирғизистоннинг тинчликпарвар кучлари ватанга қайтиб келган — қозоқ ҳукумати вазият барқарорлигини билдирган. Тартибсизликлар вақтида 225 фуқаро ҳалок бўлган, уларнинг орасида 19 ҳарбий бор.