Президент Садир Жапаров журналистларга берган матбуот анжуманида 2020-йилнинг октябрида ҳукуматни босиб олмаганини, аксинча бари қонуний бўлганини билдирди.
«Октябрь воқеаларида ҳаммангиз ҳукуматни босиб олингиз, Ташиев билан Жапаров ҳам жавоб берсин” деган журналистлар бор. Бироқ мен бирорта ҳам муассасани босиб олдимми? Ёки Ташиев бориб босиб олдими? “Мана, биз сени ўтқаздик” деганда ҳам мен ўтирмадим бу ерга. МХДҚни, ИИВни, прокуратурани, вилоятларни босиб олишди. Биз бир кун ичида тартибга солдик», — деб билдирди Жапаров.
Шунингдек, «тўнтарилиш бўладими ёки оммавий тартибсизликлар бўладими, биз давлат муассасаларини босиб олишни тўхтатишимиз керак» деб қўшимча қилди у.
Бироқ навбатдан ташқари ўтган президентлик сайловининг натижаси маълум қилинган кейин у Россиянинг «Коммерсант» нашрига интервью бериб, революцияни турмадан бошлаганини айтган. У уч ярим йил ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар орқали халқ билан боғланиб турганини билдирган.
Унинг айтишича, у турмада ўтирганда ўша ердаги оддий одамларга ёрдам берган.
«Менга мурожаат қилган 100дан ортиқ одам мен билан қамоқда ўтирганда озодликка чиқди. Улар менга ишлай бошлашди, мен ҳақимда маълумот тарқатиб, яхши одам эканлигимни билдиришди. Мен чиққанимда ҳаммаси митингга келиб, қўллашди. Учинчи революциянинг бор сири мана шунда», — деб билдирган Жапаров нашрга берган интервьюсида.
2020-йилнинг 5-6-октябрида Бишкекда парламент сайловининг натижасидан норози бўлган партияларнинг вакиллари митингга чиқишган. Митинг оммавий тўлқинларга айланиб, митингчиларнинг бир гуруҳи Оқ уйни босиб олган. Митингчилар қамоқда ўтирган бир қанча сиёсатчиларни бўшатишган — уларнинг орасида собиқ президент Алмазбек Атамбаев (Атамбаев яна қамоққа қайтарилган) ва амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаров ҳам бор. Натижада ўлкада ҳукумат алмашган.