Ақилбек Жапаров давлат ходимлари эмланмагунча уларга маош бермасликни таклиф қилди

257

Иқтисод ва молия вазири Акилбек Жапаров 24 июнда министрлар кабинетининг йиғинида давлат ходимларига улар вакцина олмагунча ойлик тўламасликни таклиф қилди.

«Менинг таклифимни қўллаб беришингизни сўрайман. Фавқулодда ҳолат* ҳам жорий қилиш керак», — деб қўшимча қилди Жапаров.

*Коронавирус пандемияси сабаб фавқулодда ҳолат режими Қирғизистонда 2020 йилнинг 22 мартидан 10 майгача амалда бўлди. Бу вақт оралиғида бизнес ва бутун иқтисод анча зарар кўрди.

Шунингдек тиббиёт ходимлари орасида эмланганлар оз бўлаётганини таъкидлаб, эмлашнинг ихтиёрий-мажбурлаш бўйича механизмларини ҳам киритиш кераклигини қўшимча қилди.

Бундан ташқари, Жапаров соғлиқни сақлаш вазирлиги вакциналарнинг музлаткичлари учун жавобгарлик олмайди, шу сабаб бу масалани энергетика вазирлигига ўтказиш керак деб ҳисоблайди.

«Ўлкага келадиган вакцинанинг барига музлаткич керак бўлади. 20 кун ичида тайёргарлик қилиб битиш керак», — деди вазирлик раҳбари. Эмлаш кампанияси ночор бўлаётганини министрлар кабинетининг раҳбари Улукбек Марипов ҳам эътиборсиз қолдирмади. У 24 июндаги йиғинда соғлиқни сақлаш вазирлигини препаратни олиб келиш ва шартнома тузиш масаласи кечиктирилаётгани учун танқид қилган.

«Бизда эмланганларнинг сони жуда оз, 2 млндан ортиқ фуқаро хавфли гуруҳга киради, албатта эмланиши керак», — деб билдирган Марипов.

Бундан ташқари, министрлар кабинетининг маълумотига кўра, эмлаш кампанияси бошлангандан бери Қирғизистонда аҳолининг 1,5% эмланган. Шунингдек, COVID-19га қарши курашиш бўйича республика штабнинг раҳбари Жилдиз Бакашованинг маълумоти бўйича ўлкада эмлашга муҳтож бўлган фуқароларнинг сони 3,2 млн кишига тенг.