19 мартда Бишкекнинг Биринчи май туман суди собиқ ҳукумат раҳбари Мухаммедкалий Абилгазиевни ва МХДҚнинг собиқ етакчиси Абдил Сегизбаевни қамоқда қолдиришни яна икки ойга узайтириш қарорини чиқарди.
Суднинг қарори бўйича Абилгазиев 16 майгача, Сегизбаев 22 майгача МХДҚнинг тергов қамоғида қолишади.
Сегизбаев суд залидан чиқаётиб судга йиғилган тарафдорларига «синмаслигини» айтди.
«Сабр қилинглар. Ҳамма ҳақиқат бизда [...] Биз синмаймиз, бу ҳукумат синади деб ўйлаяпти, мен синмайман ҳеч қачон», — деди у.
Абилгазиев нимада айбланмоқда?
Абилгазиев «Коррупция» ва «Ноқонуний бойиш»да гумон қилиниб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан 26 январда қўлга олинган. МХДҚнинг Коррупцияга қарши хизмати Абилгазиев давлат хизматида бўлганда, ўзининг активларини расмий даромадидан анча катта қилиб, ноқонуний кўпайтириб олган. Бу бойликларини бир жойга сарфлаш учун собиқ премьер кўп қаватли уйларни қуриш тармоғига сармоя киритиб, жиноий жавобгарликка тортилмаслик учун бу активларни бошқа одамларга ёздириб қўйгани айтилади.
Бундан ташқари, тергов версияси бўйича Абилгазиев ҳукуматни бошқарган вақтда «Кумтор Голд Компани» ишхонасига геологик разведка ва олтин қазиш ишларини олиб бориш учун «давлат манфаатларига хиёнат қили», қўшимча ер бўлиб берган қарорга қўл қўйган. натижада Қумтор олтин конининг майдони икки марта кўпайиб, 26,3 минг гектарга етиб қолган. Бу майдонларга музликлар билан қўриқхоналар ҳам киради.
Бироқ бунга жавоб қатори Қумтор компанияси кон қазилган жойнинг майдони 2009 йилдан бери ўзгармай, 26,4 минг гектарни тузишини билдирган.
Сегизбаев нимада айбланмоқда?
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Абдил Сегизбаев 25 январда «Лавозимидан фойдаланиш» моддаси бўйича собиқ депутат Алмамбет Шикмаматов «ва бошқа одамларнинг» аризаси асосида ушланган.
Улар Абдил Сегизбаев МХДҚнинг етакчиси бўлганда ноқонуний ишларга аралашган деб билдиришган. Унинг ичида «Белизгейт» иши бўйича лавозимидан фойдаланган деб маълум қилишган.
* 2016 йили Сегизбаев МХДҚни бошқарган вақтда президент Алмазбек Атамбаев таклиф қилган Конституцияга тузатишларга қарши чиққан «Ата Мекен» партиясининг депутатлари Ўмурбек Текебаев, Аида Салянова ва Алмамбект Шикмаматов «Мегаком» алоқа операторининг акцияларига эгалик қилишганини билдирган. Сегизбаев далил қатори Белиз давлатидан олинган ҳужжатларни кўрсатган. Бу воқеа тарихга «Белизгейт» воқеаси қатори кирган. Депутатлар ҳужжатларни «жуда қўпол қалбакилаштириш» деб аташиб, Сегизбаевни судга беришган, бироқ мағлуб бўлишган. Сегизбаевнинг ўрнига МХДҚнинг раҳбарлигига Идрис Кадиркулов келган кейин Белиздаги ҳужжатлар махсус хизматга келмагани маълум бўлган.
Сегизбаев қўлга олингандан кейин бош прокурор Курманкул Зулушев МХДҚнинг собиқ етакчисига нисбатан олти жиноий иш бўйича тергов ҳаракатлари бораётганини билдирган.
Зулушев қайси жиноий ишлар эканлигига тўхталган эмас, фақат бир ишга боғлиқ собиқ бош прокурор Индира Жолдубаева сўроққа олинганини қўшимча қилган. У Сегизбаевнинг ушланиши — сиёсий таъқиб эмаслигини қўшимча қилган.
Бош прокурорнинг билдирувига жавоб қатори Сегизбаевнинг адвокати Кантемир Турдалиев унинг мижози олти эмас, бир ишда гумон қилинаётгани ҳақида маълумот берилганини айтган.
Адвокатнинг «Белизгейт» ҳақида айтгани бўйича, ҳужжатларни Сегизбаевга собиқ президент Алмазбек Атамбаев берган. «МХДҚнинг раҳбари ва генерал қатори у етакчисини ва олий ҳарбий қўмондоннинг буйруғини бажармай қўймайди» ва шу сабаб «хизмат манфаатига қарши ҳеч нарса қилмаган», деб Турдалиев қўшимча қилган.
Адвокат Абдил Сегизбаевни халқ вакиллари Ўмурбек Текебаевни, Алмамбет Шикмаматовни ва Аида Саляновани дискредитациялаш билан уларни атайлаб жиноят қилган деб айблаб, қоралаган деб айблашни асоссиз деб ҳисоблайди, чунки сиёсатчиларнинг ор-номуси ва обрўсини ҳимоя қилиш ҳақида Сегизбаевга нисбатан ёзган аризалари бўйича Биринчи май туман судининг қарори бор.
Бундан ташқари, Сегизбаевнинг ишларини бири бўйича, Тошмўйноқ қишлоқ ҳукуматининг масъул котиби Жилдиз Чодобаева ҳам қўлга олинган. Чодобаеванинг вояга етмаган тўрт боласи бор, бироқ у МХДҚнинг тергов қамоғига киритилган. Чодобаеванинг ҳамқишлоқлари унга қўйилган эҳтиёт чорасини ўзгартиришни талаб қилиб митингга чиқишган, бу масала бўйича ҳақиқатчи Мамитов ҳам мурожаат билан чиққан. Бироқ Чодобаева ҳам МХДҚнинг тергов қамоғида.