Темиров: Ўзгандаги айланма йўл қурилиши билан Ташиевнинг ўғли шуғулланмоқда

43

Суриштирувчи журналист Болот Темиров Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) раҳбари Камчибек Ташиевнинг ўғли Тай-Мураснинг Ўш вилоятининг Ўзган шаҳри атрофидаги биринчи пулли айланма йўл қурилишига алоқасини маълум қилди.

YouTube-каналида Темиров икки компания — «Тез Жол» ва «Жагалмай» ушбу лойиҳага масъул эканини эслатди. Ушбу компаниялар йўлни қуриш ва уни эксплуатация қилиш бўйича давлат-хусусий шериклик (ГЧП) лойиҳаси доирасида келишувга эришган.

Темировнинг таъкидлашича, бу Қирғизистондаги биринчи пулли йўл бўлади ва ушбу йўлдан тушадиган даромад нафақат давлатга, балки юқоридаги икки компанияга ҳам тушади.

Адлия вазирлиги маълумотлар базасига кўра, «Тез Жол» компаниясининг таъсисчиларидан бири Тай-Мурас Ташиевдир. Шу билан бирга, «Жагалмай» компаниясининг таъсисчиси «Грант Холдинг» экани аниқланган. Бу компаниянинг таъсисчилари орасида ҳам Тай-Мурас Ташиев бор. «Грант Холдинг»нинг иккинчи таъсисчиси собиқ транспорт вазири Нурлан Сулайманов деб кўрсатилган.

Аввалроқ маълум бўлганидек, «Грант Холдинг» шунингдек, Қаниш-Қиян айил округидаги Чатқал дарёсида кичик ГЭСлар қуриш лойиҳалари билан ҳам шуғулланади. Президент ҳузуридаги Инвестициялар бўйича миллий агентлик раҳбари Талантбек Имановнинг айтишича, $213 миллионлик лойиҳада компания «етакчи шерик» сифатида иштирок этмоқда.

Ўзгент атрофидаги айланма йўл Бишкек—Ош асосий йўли учун альтернатив йўл бўлиши кутилмоқда. Йўл узунлиги 13 км 491 метрни ташкил қилади.

Президент Садыр Жапаров давлат нашри «Кабар»га берган интервьюсида Тай-Мурас Ташиевнинг ушбу айланма йўл қурилишида иштирок этаётганини тасдиқлади. Жапаровнинг айтишича, биронта бошқа компания таклифга жавоб бермагани учун Тай-Мурасга «ташаккур айтиш» керак. У лойиҳанинг ўз-ўзини қоплаш муддати узоқ эканлигини таъкидлади ва давлат бошқа йўлларни ҳам хусусий қўлларга беришга тайёрлигини билдирди.