Таълим вазири олий ўқув юртларида ўқиш тўловлари оширилиши юзасидан тушунтириш берди

129

Таълим вазири Доғдургул Кендирбоева олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиш тўлови оширилгани юзасидан фикр билдирди.

Унинг фикрича, олий таълим нархи жуда паст бўлмаслиги керак.

«Маълумки, охирги уч йилда олий ўқув юртларида таълим тўловларини оширишга мораторий киритилган эди. Аммо ўшандан бери иқтисод ўзгарди, маош ва пенсиялар кўпайди. Талабаларнинг ўқиш тўлови 300-500 долларни ташкил қилади, хусусий мактабларда эса йилига 5-15 минг долларга болалар ўқитилган», деди вазир.

Кендирбаева олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг маошлари ошмаётгани, уларнинг аксарияти бошқа соҳаларга кетаётганини таъкидлади.

«Университет ўқитувчиларининг маоши мактаб ўқитувчилариникидан паст. Шу сабабли уларнинг кўплари университетларни тарк эта бошладилар. Иккинчидан, таълим муассасаларининг моддий-техника базаси ривожланмаган. Ҳозирда биз тўловларни белгилаш масаласини олий ўқув юртларининг ўзига топширдик», деди у.

Аввалроқ абитуриентлардан бири 24.kg агентлигига муҳандислик йўналиши бўйича ўқиш тўлови 30 минг сомдан 90 минг сомга ошгани ва унинг оиласи бу миқдорни тўлай олмаслигини айтган эди.

Бошқа бир абитуриент эса архитектура йўналиши бўйича тўлов 40 минг сомдан 80-120 минг сомгача ошгани учун бошқа таълим муассасасини танлашга мажбур бўлганини айтди.