Садир Жапаров Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди

292

Президент Садир Жапаров Исроил армияси фаластинлик «ХАМАС гуруҳини йўқ қилиш операцияси» бораётган Ғазо ҳудудидаги урушни тўхтатишга чақирди. У Ғазодаги вазиятни «гуманитар кризис» деб атади.

«Биз томонларни қурбонларни ва тинч аҳолига нисбатан зўравонликни олдини олиш бўйича комплекс чораларни кўришга, уруш ҳаракатларини тез орада тўхтатишга ва музокара жараёнини куттирмасдан бошлашга чақирамиз», — деб Жапаров Тошкентда ўтган ИҲТ га аъзо давлатлар бошчиларининг 16-саммити асосида билдирди.

Садир Жапаров ХАМАС гуруҳи билан Исроилнинг уруши ҳақида биринчи марта сўз очди. Бунгача бу ҳақда Қирғизистон мусулмонлар дин бошқармасининг Уламолар кенгаши Ташқи ишлар вазирлигига маълумот берган.

Уламолар кенгаши «Исроилнинг Фаластин халқига қарши қилган урушини инсониятга қарши жиноят» деб айблаган.

ТИВ икки томонни ҳам айбламай, уруш ҳаракатларини тўхтатишга ва сиёсий-дипломатик диалогга келишига чақирган.

23 октябрда Жогорку Кенеш депутатлари «Фаластин-Исроил жанжали кескинлашгани сабаб жабрланган Фаластин халқига моддий ёрдам қатори» бир кунлик маошини ўтказишга қарор қилишган.

7 октябрда ХАМАС радикал гуруҳининг кучлари Исроилнинг жанубига ҳужум қилган. Натижада тахминан 1400 киши ҳалок бўлиб, икки юздан ортиқ одам гаровга олинган. Яна бир неча минглаб одам жароҳатланган.

Исроил бунга жавоб қилиб, Ғазо ҳудудида «Темир қиличлар» операцияси бошлаганини маълум қилган. Операциянинг мақсади ХАМАСни тўлиқ йўқ қилиш экани айтилган.

ХАМАС назорат қилган Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумоти бўйича, Исроилнинг операцияси бошлангандан бери Ғазо ҳудудида 10,5 минг одам ҳалок бўлган, уларнинг орасида 4324 бола ва 2800 дан ортиқ аёл бор. Бундан ташқари, 26 мингдан ортиқ турғун жароҳатланган.

БМТнинг гуманитар масалаларни координация қилиш бошқармасининг маълумоти бўйича, Ғазо ҳудудида бир миллиондан ортиқ одам уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлишган.