Ўш: АҚШ ҳукумати Жапалакдаги мева-сабзавот сақланадиган совутгич омборига 7 млн сомлик ускуна олиб берди

Сурат: АҚШнинг Қирғизистондаги элчилиги

АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўшнинг Жапалак қишлоғидаги мева сақлаш омборига қарийб етти миллион сомга баҳоланган асбоб-ускуналар олиб берди. Бу ҳақда 8 сентябрда АҚШнинг Қирғизистондаги элчилигидан билдиришди.

Маълумотга кўра, янги харид қилинган ускуналар ички ва ташқи бозорга мўлжалланган 300 тоннага яқин мева-сабзавотни музлатиб сақлаш имконини беради.

«Деҳқонлар ва омбор ишчилари учун иқтисодий фойда келтириши билан бирга, ускуналар экинларнинг сақлаш муддатини узайтиради. Ўз навбатида, қирғизистонликларга йиғим-терим мавсуми тугаганидан кейин ҳам мева-сабзавотлар мавжуд бўлади», — дейилади муассаса тарқатган хабарида.

Омборга ўрнатилган янги ускуналар 300 нафар деқоннинг даромадини ошириб, ҳудуд аҳолисини қўшимча иш билан таъминлаши қўшимча қилинади.