Парламентдаги диплом можароси: Фарходбек Алимжанов ОшДУни судга берди

100
Фарходбек Алимжанов. Сурат: Интернетдан олинди

Депутатлик мандатидан маҳрум қилинган Фарходбек Алимжанов диплом можароси сабаб Ўш давлат университетини судга берди. Бу ҳақда «Клооп»га 28 августда халқ вакилининг адвокати Самарбек Болотбеков билдирди.

Алимжановнинг адвокати Марказий сайлов комиссияси депутатнинг мандатини ЎшДУнинг қарори асосида эмас, Таълим ва фан вазирлигининг қарори бўйича бекор қилиши керак эканини айтди. Адвокат бунда «процедура бузилган» деб ҳисоблайди.

Шунингдек, Алимжанов унга нисбатан «олийгоҳнинг имтихонларига қатнашмаган» деган даъволарга ҳам шикоят қилгани айтилди. Халқ вакили ўзи «университетдаги барча имтихонларни тўлиқ топширганини, ўқув йилининг ўртасидаги имтихонларга муддатидан олдин кирганини» билдирди.

Ўш вилоят суди халқ вакилининг аризаси бўйича олдиндан суд тингловини 4 октябрга белгилагани маълум бўлди.

ЎшДУ эса бу ҳақда ҳозирча изоҳ бермади.

Мандатидан маҳрум бўлган депутатлар

6 июлда Марказий сайлов комиссияси Жогорку Кенеш депутатлари Фарходбек Алимжанов ва Фархат Исмаиловни мандатидан маҳрум қилган.

Бу қарорга уларнинг дипломларини яроқсиз деб топилгани асос бўлган. Кейин улар МСКнинг қарорига қарши судга мурожаат қилишган.

МСКнинг аъзоси Узарбек Жилкибаев «депутат бўлиш учун номзод олий маълумотли бўлиши керак» деган талаб 2021 йили киритилганини билдирган. Унинг айтишича, аввалги номзодлардан диплом талаб қилинмаган.

Президент Садир Жапаровнинг топшириғи билан ўтган йили мартдан бошлаб МХДҚ барча амалдорларнинг дипломини аниқлигини ва қўш фуқаролигини текшира бошлаган.

Махсус хизматнинг қалбаки диплом энг кўп берилган олийгоҳ қатори Қирғиз миллий университети гумон қилинаётганини билдиришган.

Муаллиф: Айчурок Кенжекулова