Бишкекда ахлат қутиларидан чиқиндини олиб кетаётганларга нисбатан жиноий жазо жорий қилинмоқчи

110

Бишкек шаҳар ҳукумати яқин орада контейнерлардан чиқиндиларни ташиб кетишни тақиқламоқчи. Бу ҳақда 13-июнда шаҳар мэриясининг Ривожлантириш ва инвестиция киритиш бўйича агентлигининг директори Курманбек Молдокулов Sputnik Қирғизистоннинг матбуот марказида билдирди.

Унинг айтишича, бу йил кузда чиқиндини қайта ишловчи заводнинг қурилиши бошланади. 

«Шу сабаб чиқинди товар бўлиши керак. Чиқинди челакнинг ичидагини ҳаммаси муниципалитетнинг мулки бўлиб ҳисобланади, демак ҳеч кимни олиб кетишга ҳаққи йўқ. Чиқинди заводга етиши учун Жогорку Кенешнинг депутатлари билан биргаликда чиқинди ҳақидаги қонунга ўзгартириш киритамиз. Қонун бузганларга маъмурий чоралар кўрилади ва жиноий жавобгарликка тортилади», — деб берди Молдокуловнинг сўзларини Sputnik нашри. 

Молдокулов инвесторлар янги челакларни қўйишни, қолаверса ёнига кузатув камераларини ҳам ўрнатишни таклиф қилишаётганини қўшимча қилди. Улар челакларга чиқинди тўлганда белги берадиган датчикларни ҳам қўйишни таклиф қилишган. 

Турли маълумотларга кўра, Бишкекда ҳар куни 870дан 1000 тоннагача чиқинди йиғилади. Ярмидан кўпи — сарғайган барглар, чопилган ўсимликлар каби табиий чиқиндилардан иборат органика ва озиқ-овқатларнинг қолдиқлари — мева-сабзавотларнинг пўстлоғи, ҳайвонлардан олинган чиқиндилар.