Президент Садир Жапаров Хитойга давлат ташрифи олдидан энг катта расмий «Жэньминь жибао» газетасига интервью берди. Мақоланинг эркин таржимадаги намунасини 18 майда президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев эълон қилди. «Клооп» суҳбатнинг муҳим жойларини баён қилди.
«Дўстлик, очиқ ва ишончли икки томонлама муносабатларни янги даражага кўтарамиз» номли мақолада Жапаров Хитой Қирғизистоннинг энг муҳим ҳамкори эканини таъкидлади.
«Халқаро аренада Қирғизистон ва Хитой муҳим масалаларда бир-бирига ўзаро ёрдам бериб келади [...] Ўзаро тушуниш, дўстлик ва ҳамкорлик жуда қадрли ва Қирғизистон ҳамкорликни бундан кейин ҳам кенгайтириш учун бор кучини сарфлашга тайёр», — деди у.
Президент икки давлат ўртасида тўсқинлик яратувчи қарама-қаршиликлар ёки ҳал бўлмаган масалалар йўқлигини таъкидлади. У раҳбар Си Цзиньпиннинг «бой тажрибаси, донишмандлиги» Хитойни халқаро аренадаги обрўси ортишига имкон бермоқда деб қўшимча қилди.
«Си Цзиньпиннинг давлатни бошқариш тажрибаси менга Конфуций канонларидаги донишманд бошқарувчининг, «асл одамнинг» феълини эсга солди. Мен учун президент Си Цзиньпин билан дўст бўлиш катта фаҳр», — деди у.
Жапаров «Хитой — Марказий Осиё» саммити ҳақида гапириб, минтақадаги муаммолар Марказий Осиёдаги барча давлатнинг манфаатига тегишли эканини таъкидлади.
«“Хитой — Марказий осиё механизми” тинчлик сиёсатига шароит яратувчи, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни фаол ривожлантирган ўзгачаликларга эга бўлган обрўли ҳудудий бирлашмага айланади», — деди давлат раҳбари.
17 майда Садир Жапаров давлат ташрифи билан Хитойга борди. У «Марказий Осиё — Хитой» саммитига қатнашади. Президент сафар давомида Сиань, Пекин ва Цзинань шаҳарларига боради.
18-19 майда Сиань шаҳридаги «Хитой — Марказий Осиё» саммитига Жапаровдан ташқари Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев, Тожикистон президенти Эмомали Рахмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимухамедов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қатнашади. Бунгача Марказий Осиёдаги давлат раҳбарлари Путиннинг таклифи билан 9 майда Москвада ўтган парадга йиғилишган.