Садир Жапаров: Жетим-Тоони ишлатамизми-йўқми ҳозирча қарор қабул қилингани йўқ

286

Президент Садир Жапаров ҳуқуқ-тартибот идораларидан ҳукумат Норин вилоятидаги Жетим-Тоо конини учинчи томонларга бермоқчи деган маълумотларни тарқатган фуқароларни тартибга чақиришни сўради. Бу бўйича мурожаатини президент Фейсбук саҳифасида ёзди.

Президент сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Жетим-Тоонинг «ҳимоячилари» бўлиб олган фуқаролар халққа мурожаат қилиб, элни «қўзғолонга» чақираётганини кузатаётганини ёзди. У ҳозирда конни ишлатмоқчи бўлган ҳеч ким йўқлигини таъкидлади.

«Эсингизда бўлса, президентлик сайловида агар Жетим-Тоони 100 фоиз ўзимиз ишлатадиган бўлсак, ташқи қарзимизни Жетим-Тоонинг ўзиёқ ёпади деб айтган гапим бор.  Аммо ҳозир уни ишлатмоқчи бўлган ҳеч ким йўқ. Ташқи қарзимизни бошқа манбаларимиз билан ёпяпмиз ва ёпамиз ҳам. Бундан кейин кучимиз етади», — деб ёзди у.

Президент ўтган йилдан бери 50-60 миллиард сом солиқ ва бошыа тўловларни тўкиб келаётган  «Қумтор»нинг ҳисобидан мамлакатда меҳнат ҳақлари, пенсия ва нафақалар кўтарила бошлаганини таъкидлади.

Шу билан бирга, «Қумтор Голд Компани»нинг сайтида 2021 йили компания Қирғизистоннинг бюджетига 107,2 миллион доллар деб белгиланган режанинг ўрнига 160,3 миллион доллар (тахминан 13 миллиард сом) солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангани айтилади.

«Агар Жетим-Тоони ишлатиб қолсак, 100 фоиз ўзимиз ишлатамиз. Бир фоиз эмас, бир муштум тошини ҳеч кимга улуш қатори бермаймиз. Аммо бугун биз конни ўзлаштиришга тайёр эмасмиз. Шунчаки, геологик ишларни олиб бориб, заҳираларни аниқлаштириш ҳақида буйруқ берилган. Союз вақтида тахминан тадқиқ қилинган заҳираси бор экан. Ҳозир у ерда «Қирғизгеология» ходимлари меҳнат қилмоқда. Аниқлик киритайлик, биз ишталмасак, келажак авлод ишлатади», - деди у.

«Айни шу "Қумтўр" кетаётганда, сизлар ҳукуматда эдинглар. Бўлганда ҳам ҳокимиятнинг энг юқори бутоғи, давлатнинг хавфсизлигига жавоб берувчи ҳокимиятнинг бошида ўтиргансизлар. Ўшанда ҳам "Қумтор"ни қайт олиш тугул, бир доллар жарима тўлата олмагансизлар. Ҳозир "Қумтор" юз фоиз ўз халқимизга ўтиб, меҳнат ҳаққига ёлчимаган давлат ходимларимиз яйраб қолди. Йўллар таъмирланмоқда. Мактаблар қурилмоқда. Яна қандай ишлар бўлаётганини сизлар кўрмаётган бўлсангизлар, барча халқ кўриб турибди», — деди давлат раҳбари

Жапаров Жетим-Тоо ишлатилса, маошлар яна кўпайиб, иккинчи Қумтор бўлади, Норин вилоятининг, Жетим-Тоонинг атрофида яшаган халқнинг турмуши, инфраструктураси яхшиланиб, хатто қишлоқларнинг ичигача асфаль тўшалади деб ҳисоблайди.

«Бироқ яна бир марта такрорлаб қўяй. Жетим-Тоони ишлатамизми-йўқми ҳозирча қарор қабул қилингани йўқ. Ишлатадиган бўлса халқ билан келишиб, кейин 100 фоиз ўзимиз ишлатамиз. Халқ "йўқ" деса, унда - йўқ. Бироқ бир нарсани унутманглар. “Олма пиш – оғзимга туш” деб ётаверсак, осмондан биров пул бермайди. Мактаблар қурилмайди. Йўллар таъмирланмайди. Меҳнат ҳаққи кўтарилмайди. Инфраструктураларимиз яхшиланмайди. Қисқаси, ривожланмаймиз», — деди у.

Жапаров у президентлик вазифасини бажари турганда «Қумтор», Жетим-Тоо ва бошқа йирик конлар ҳеч кимга берилмаслигини, бунга қадар берилиб кетган йирик конларга давлатнинг улуши киргизилишини, аммо бу учун вақт кераклигини таъкидлади.

Жапаров, шунингдек, [ҳокимият] бирор нарса қилишни хоҳласа, [халқ] «буни қилма, уни қилма, туризм билангина ривожланамиз» дейишни бошлайди деб норози бўлди.

«Туризмни ривожлантирай десанг, “фалончи давлатнинг одамлари босиб кетди, киргизманглар” деб чиқишади. Яна бизнинг элга “нима ёқади?” деган савол бергинг келади», — деб Жапаров сўзини якунлади.

ИИВ ва Жетим-Тоо бўйича сўроқлар

Президент Фейсбукда мурожаат қилгандан кейин дарҳол ҳуқуқ тартибот органлари унга реакция қилди. ИИВ дастлаб Фейсбукдаги «Полит Узник» саҳифасининг администратори, фаол Ирис Жекшеналиевни сўроққа чақириб, шундан кейин Бишкек шаҳар ИИБнинг вақтинча сақлаш жойига 48 соатга қамоққа олди.

ИИВдан фаол 14-августда МХДҚнинг собиқ етакчиси Абдил Сегизбаевнинг Норин вилоятидаги Жетим-Тоо кони бўйича аввал айтган видеосини эълон қилгани учун сўроққа чақирилганини билдиришди.

Муассасанинг маълумотига кўра, Жекшеналиевга нисбатан «Оммавий тартибсизликлар» («Ҳукумат вакилларининг қонуний талабларига фаол бош эгмасликка ва оммавий тартибсизликларга чақириқлар, шунга кўра фуқароларга зўравонлик кўрсатишга чақириқлар») моддаси бўйича жиноят иши қўзғалди.