Ташиев Икрамовга: «Ата-Журт Қирғизистон»га тош отмасдан, ўзи ишингизни қилинг

186

Парламентнинг 2-июндаги йиғинида МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев Сузоқ бир мандатли округидан сайланиб келган депутат Тазабек Икрамовни «Ата-Журт Қирғизистон» партиясига тош отмасликка чақирди. Ундан ташқари, махсус хизматнинг бошчиси депутатни парламент сайловининг олдидан партия қаторига қўшмаганини ёдга солди.

«Ҳурматли Тазабек Икрамович, биринчидан масъулман, жавобгарман деганингиз тўғри. Конституцияда ҳам ёзилган, сиз депутат бўлиб сайлангандан кейин мажбурий турда халқнинг муаммосини кўтаришингиз керак. Айтмаяпсизми, мен "Ата-Журт"дан сайланмаганман деб. "Ата-Журт" партияси қўшганда сайланмасдингиз. У партия сизни қўшгани йўқ, тўғрими?» — деб эслатди Ташиев.

Унга қадар депутат Тазабек Икрамов Сузоқдаги селдан жабрланган одамларга кўнгил айтиб, нима учун сел келгандан кейин Барпи қишлоғига бора олмай қолганини иш сафарда бўлиб қолгани билан изоҳлаган.

«Мен ҳам ўша ерга бориб халқнинг муаммосини айтган бўлардим, кетмок кўтариб, супирги ушлаб суратган тушардим. Айтиб ўтиш керак бўлса нарса мен Сузоқ туманидан сайланиб келган депутатман. Сузоқнинг муаммосини айтишга ҳақлиман. Қамчи ака, мен сизни ҳурмат қиламан. Аммо мен Ата-Журт партиясидан келмаганман. Парлаентга халқ ҳурмат қилиб, сайланиб келган депутатман. Шу сабабдан халқнинг овозини мен ҳар доим кўтара оламан», — деган депутат.

Шундан кейин Ташиев депутатга «яхши ишлаётганингизни кўрмадим» деб таъкидлади.

4-майга ўтар кечаси Сузоқ туманининг бир неча қишлоқ ҳукуматини сел қоплаган. ФҲВ жами бўлиб 600дан ортиқ уйга сел сувлари кирганини билдирган. Табиат офатидан кейин «Ата-Журт Қирғизистон» фракциясининг депутатлари Айбек Маткеримов билан Шайирбек Ташиев воқеа жойига бориб, селнинг оқибатларини бартараф қилишаётганини билдирган.

Айбек Маткеримов.

Бу ҳақда ижтимоий тармоқларга сурат ва видеоларни юклашган. Май ойининг охирида Қамчибек Ташиев ўзи ҳам Сузоққа бориб, Барпи қишлоқ ҳукуматининг аҳолиси билан учрашган. Учрашувда селдан жабрланганларга пул компенсацияси тўланишини айтган. Барпи — Ташиевлар ва Маткеримовнинг туғилган ери.

«Ата-Журт Қирғизистон» ва Қамчибек Ташиев

Жамоатчиликда «Ата-Журт Қирғизистон» партияси МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга тегишли дейилган маълумотлар тарқаган. Адлия вазирлигининг сайтида эса «Ата-Журт Қирғизистон» партиясининг етакчиси қатори Айбек Маткеримов кўрсатилган.

Маткеримов Қамчибек Ташиевнинг ҳамқишлоғи — у 2016-йилдан бошлаб 2020-йилнинг октябригача Барпи қишлоқ ҳукуматида «Ата-Журт» партиясидан депутат бўлиб турган. Ташиев ўзи эса 2010-йили Жогорку Кенешга «Ата-Журт» партиясидан депутат бўлиб келган. Унга қадар у парламентда 2005-2007-йили депутат бўлган.

Шунингдек, Маткеримов 2017-йили Жалолобод шаҳар кенгашига «Ата-Журт» партиясидан номзод бўлган. Ўтган йилнинг октябрида натижаси бекор қилинган парламент сайловига «Мекенчил» партияси билан отланган. Қамчибек Ташиев бўлса сайловда «Мекенчил» партиясини бошлаб берган.

Бундан ташқари Ташиевнинг ўғли Тай-Мурас Ташиев ҳам Жалолобод шаҳар кенгашига «Ата-Журт Қирғизистон» партиясидан номзодини қўйиб, мандат олган. Кейинчалик мандатини топширган. Аммо сайлов вақтида Қамчибек Ташиев ўғлига муваффақият тилаган.

2021-йили парламент сайлови вақтида Жалолобод бир мандатли округидан сайланиб келган Ташиевнинг укаси Шайирбек Ташиев, кейин, «Ата-Журт Қирғизистон» фракциясининг қаторига қўшилган.

2022-йилнинг 23-январдаги матбуот анжуманида МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев укаси Шайирбек Ташиев мандатини топширишини айтган.

Бундай билдирувни у Temirov LIVE’нинг журналистлари Ташиевлар оиласининг Қирғизистондаги ёқилғи мой бизнеси билан алоқаси ҳақида суриштирувини эълон қилгандан кейин билдирган.

Шунга қарамай беш ой ўтса ҳам Шайирбек Ташиев мандатини топширмаган. Бунинг сабабини сайловчилари қарши бўлаётгани билан асослаган.