Собиқ бош вазир Ўмурбек Бабанов Қирғизистонга қайтиб келди

330
Ўмурбек Бабанов

Собиқ бош вазир Ўмурбек Бабанов 5-сентябрда Россиянинг Москва шаҳридан Қирғизистонга қайтиб келди. Бу ҳақда «Клооп»га сиёсатчининг яқинлари билдиришди.

«Ўзини яхши ҳис қилмоқда. Ҳозир соғлиғини тикламоқда», — деб билдиришди улар.

Бабановга Москвада юрганда юрагига операция қилиниб, шифокорлар самолётга чиқишни тақиқлашган. Шу сабаб йўл билан келган. Ҳозирда Бабанов даволанишни Бишкекда уй шароитида давом эттирмоқда.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ўмурбек Бабановни «Қумтўр иши» асосида 31-майда қўлга олиб, сиёсатчига «Коррупция» бўйича айб қўйган. Суд уни икки ойга тергов изоляторига киритган.

Бабановнинг адвокати Амантур Абдирахманов унинг мижози ўзини «Кумтөр иши» бўйича айбдор деб ҳисобламаслигини ва тергов билан ҳамкорлик қилмаслигини айтган.

Биринчи май туман суди Бабановнинг «соғлиги ёмонлашгани» сабаб 27-июлда МХДҚнинг ТИЗОсидан чиқарган ва чет ўлкага кетишга рухсат берган.

Бабанов нима сабабдан қамалган?

Ўмурбек Бабанов 2017-йили ўтган президентлик сайловида «ҳукумат» номзоди Сооронбай Жээнбековнинг энг асосий рақиби бўлган. Ўша вақтда Жээнбековни давлат раҳбари Алмазбек Атамбаев қўллаган.

Президентлик сайлови олдидан Бабанов ва унинг тарафдорларига нисбатан босим бошланган. Масалан, уни қўллаган депутат Канатбек Исаев «Ҳукуматни куч билан босиб олишда» гумонланиб қамоққа олинган. Дебат вақтида Жээнбеков Бабановга «коррупция билан курашни сендан бошлайман» деб, уни қамашга ишора қилган.

Жээнбеков президент бўлгандан кейин Бабанов Қирғизистондан чиқиб, сиёсий карьерасини тугатганини билдирган. Бабанов ўлкадан чиқиб кетгандан кейин унга нисбатан икки жиноий иш қўзғалган.

Биринчисин бош прокуратура сиёсатчи номзод қатори чиқаётган 2017-йилнинг октябрида ўтган президентлик сайловидан кейин қўзғалган. Бабановни ўша вақтда уни Ўшда сайловчилар олдида айтган гаплари сабаб миллатлараро низони қўзғатишда айблашган.

Иккинчиси оммавий тартибсизликлар уюштириш билан ҳукуматни босиб олишга тайёргарлик кўришга боғлиқ. Бабанов ўзи айбловларни «умуман маъносиз» деб атаган.

2019-йили Бабанов НТС телеканалига берган интервьюсида Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жээнбеков билан учрашиши ҳақида айтган. Бабановнинг айтишича, улар сиёсатчидан депутатлик мандатини* топширишни ва ўлкадан чиқиб кетишни талаб қилишган. Унинг ўрнига Атамбаев ва Жээнбеков унга ва унинг тарафдорларига нисбатан жиноий ишни тўхтатишни ваъда қилганини таъкидлаган.

*Ўша вақтда Бабанов Жогорку Кенешда «Республика — Ата-Журт» фракциясининг лидери бўлган.

2019-йилнинг август ойидаги «Кой-Таш» воқеаларида собиқ президент Атамбаев қўлга олингандан кейин Бабанов Қирғизистонга қайтган. Сиёсатчи ўлкага келгандан кейин саккиз жиноий иш бўйича сўроқ қилинаётганини билдирган. 2021-йилнинг март ойида Бабановга боғлиқ ишлар «тасдиқланмагани сабаб» қисқартирилган — шу билан бирга сиёсатчи давлат бюджетга «ўз истаги» билан 100 млн сом тўлаган.

Бабанов 2020-йилнинг октябрь ойида сиёсатга аралашишга ҳаракат қилиб, премьер-министрлик лавозимига интилган. Бироқ 9-октябрда Садир Жапаровнинг тарафдорлари билан тўқнашувдан кейин ортга чекинган.

Кейин Бабанов премьер-министрлик хизматига келган Садир Жапаровнинг номзодини қўллаган. Сиёсатчининг «Республика» партиясидаги аъзоси Руслан Казакбаев министрлар кабинетининг янги таркибига Ташқи ишлар вазири сифатида кирган. Бироқ кўп ўтмай Бабанов «Қумтўр иши» асосида қўлга олинган.

«Қумтўр иши»

МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиев Жогорку Кенешнинг 17 майдаги йиғинида Қумтўр конига боғлиқ тўрт судгача текширув иши очилганини маълум қилган.

Махсус хизмат «Қумтўр иши» бўйича собиқ премьер-министрлар Мухаммедкалий Абилгазиев, Ўмурбек Бабанов, собиқ вице-премьерлар Тайирбек Сарпашев, Алмазбек Баатирбеков, депутатлар Асилбек Жээнбеков, Тўрўбай Зулпукаров, собиқ депутатлар Исхак Пирматов, Талантбек Узакбаев, президент аппаратининг собиқ етакчиси Данияр Наримбаев ва «Кыргызпатент» бошчиси Динара Молдошевани қўлга олган.

Қўлга олинганлар орасидан Сарпашев, Пирматов, Молдошева ва Абилгазиев тергов қамоғидан чиқарилган. Биринчи май туман суди собиқ депутат Талантбек Узакбаевни «Коррупцияга» айбдор деб топиб, 300 минг сом жарима солган.

Бундан ташқари, Қирғизистоннинг қочқин президентлари Курманбек Бакиев билан Аскар Акаевга қидирув эълон қилинган. Бакиевнинг ўғли Максимга конни ишлатиш шартномаларига боғлиқ бир қатор собиқ амалдорлар қидирувга берилган.

2-августта Аскар Акаев Қирғизистонга келиб, МХДҚда сўроқ қилинган. Собиқ президент сўроқдан чиққандан кейин «Кумтор» масаласи бўйичап кўрсатма бериш учун бир ҳафтага келганини, иш билан эндигина танишаётганини айтган.

Кейинчалик Акаев Қумтўрдаги олтинни ишлаб чиқарган канадалик Centerra Gold Inc. Билан шартнома тузилаётганда ҳукуматнинг ишини назорат қилмагани учун кечирим сўраган. Депутат Дастан Бекешев собиқ президентнинг билдирувига изоҳ бериб, Қумтўр бўйича жавобгарликни «марҳумларга қўйиш осон» деб айтган.