Россия Қирғизистонга 100 минг ПЧР-тест ва мобил лаборатория беради — ССВ

Россия Қирғизистонга 100 минг ПЧР-тест системаси тўпламини ва мобил лаборатория беради. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлигининг матбуот хизмати хабар қилди.

Муассасанинг маълумотига кўра, вазир Алимкадир Бейшеналиев 20 февралда Москва шаҳрида Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова билан учрашган.

«Сўзлашувлар натижасида қирғиз томонга COVID-19 касаллигини текширишга 100 минг ПЧР-тест ва ИФА-тест қайтаримсиз асосда берилиши ҳақидаги шартнома тузилган. Шунингдек, бу йил Қирғизистон навбатдаги мобил автоном лаборатория билан таъминланади», — деб билдирди матбуот хизмати.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирилиги Россия эпидемиологик, диагностика, фаол юқумли касалликларни даволаш бўйича қирғизистонлик тиббиёт ходимларини ўқитишга ёрдамлашишини билдирди.

Шунингдек, қирғиз томон Россия вакцинасини олишга ва Россияда ишлаётган қирғизистонликларни оммавий эмлашга кўмаклашиши ҳақида сўраган.

2020 йилнинг март ойида коронавирус Қирғизистонга биринчи кириб кела бошлаганда Россия касалликни аниқлаш учун 7,5 минг тест-система берган. Бундан ташқари, ўлкага гуманитар ёрдамлар жўнатилган ва ўша вақтдаги президент Сооронбай Жээнбековнинг илтимоси билан россиялик врачлар учиб келишган.

Қирғизистонда 22 февралга кўра вирус тарқалишига боғлиқ вазият барқарорлашгани сезилмоқда. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирилиги 16 февралда COVID-19нинг тарқалиши озайиб кетаётганини маълум қилган.