«Қариндошлари ёрдам берди». Алканова Матраимов 2 млрд сомни қаердан топиб берганини айтди

304

Яқинда коррупция бўйича айбдор деб топилган божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг тарафдори Элнура Алканова амалдор МХДҚ 2 млрд сом деб аниқлаб берган зарарни тўкиш учун пулни қаердан олганини тушунтириб берди.

«Бу пулни қариндошларидан йиғди, бир қисми — оиласининг пули, яна бир қисми — қариндошларининг, тарафдорларнинг, танишларининг, яхши муносабатдаги одамларнинг пули — улардан шу пулларни ҳаммасини йиғди», — деди у «Клооп»нинг мухбирини саволига жавоб бериб.

Шунингдек, Алканова келтирилган зарарнинг ўрнини тўлдириш учун Матраимовнинг қариндошлари 1,4 млрд сомнинг бир қисмини «кредитга олишган» деб билдирди.

«У қўлидаги ҳамма мулкини, ҳамма молини сотди, шуни ҳаммасини берди. Улар [Райимбек Матраимовнинг қариндошлари] кредит ҳам олишди, Искендер Исмаилович [Матраимов — парламент депутати, Райимбек Матраимовнинг акаси] ўзи бир неча кредит олди. Бу менинг билганларим. Менга маълуми [шу]. Бироқ улар охирида тўлиқ суммани қандай йиғишганини, мен тўлиқ вазиятни билмайман, сабаби мен яқин қариндоши ёки яқин ишонган одами ҳисобланмайман», — деб тугатди сўзини.

18 февралда МХДҚнинг ходимлари Райимбек Матраимовни қайта қўлга олишган — бу сафар жиноий даромадларини ҳалоллаш бўйича иш.

Эртаси Бишкекда ва собиқ амалдорнинг туғилиб-ўсган жойи Қорасув туманида митинглар бўлди — йиғилганлар ҳукуматдан уни бўшатишни талаб қилишди.

Унинг эҳтиёт чораси ҳозирча қаралмади, ҳозирда у МХДҚнинг тергов қамоғининг вақтинча сақлаш жойида.

Икки миллиард ва 260 000 сом

11 февралда Бишкекда Райимбек Матраимовнинг иши бўйича суд мажлиси бўлган. Матраимов — Қирғизистоннинг божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари ва ўлка тарихидаги энг шов-шувли коррупция жанжалининг фигуранти.

Шунчалик катта масштабдаги иш бўлишига қарамай, Бишкекнинг Биринчи май тумани судида ўтган мажлис тез битиб, бир соатга етмаган вақтда Матраимов божхонадаги коррупция схемалари бўйича айбини тан олиб, суд уни айбдор деб топиб, унга 260 минг сом (3 минг АҚШ доллари) жарима солган.

Солинган 260 минг сом жарима Қирғизистондан божхонадаги коррупция схемалари орқали чиқарилган 700 млн долларнинг 0,00043%ини ташкил қилади. Жаримадан ташқари, Матраимов бу вақтгача давлатга 2 млрд сом (24 млн АҚШ доллари) зарарни ўрнини тўлдирган — бу коррупция схемалари орқали чиқарилган сумманинг деярлик 3,5%и.

Бироқ расмий даромадлар бўйича божхонада ишлаган амалдорда — у раҳбар ўринбосари бўлса ҳам — 2 млрд сом бўлиши мумкин эмас эди.

Суднинг бундай қарори жамиятда резонанс яратиб, натижада 14 февралда ҳақиқат учун тинчлик юриши бўлган.

Матраимовнинг иши бўйича президент Садир Жапаров ҳам изоҳ берган. У бўлиб ўтган судда собиқ божхоначининг ишини бир эпизоди қаралганини билдирган.

Президентнинг айтишича, МХДҚ унинг Дубайдаги фаолияти, банк ҳисоблари ва мулки бўйича қўшни давлатларга сўров юборган. Бироқ журналистик суриштирувларда Дубайда Матраимовларнинг оиласига тегишли бўлган қиммат мулк ва Абдукадир клани билан биргаликда ишлатган бизнеси борлиги ҳақида далиллар бор. Абдукадир клани — Қирғизистон орқали ЕОИИга кетган товарларнинг контрабандасини назорат қилади. (Дубайдаги ҳамкорлик. Матраимовлар билан Абдукадир оиласининг алоқаси).

МХДҚ 15 февралда махсус хизмат Райимбек Матраимовнинг мулкини текшириш учун Туркияга, Дубайга, Украинага ва Россияга сўров юборганини маълум қилган. Билдирувда агар чет ўлкада унинг мулки топилиб қолса, унда бу мулклар қамоққа олиниб, махсус хизмат терговни давом эттириши таъкидланган.

Шундан сўнг 18 февралда МХДҚ Матраимовни жиноий даромадларини ҳалоллашга боғлиқ янги иш асосида қўлга олишган. У икки кунга МХДҚнинг тергов қамоғига киритилган.

Матраимов ким?

Райимбек Матраимов икки йилдан ортиқ — 2015 йилдан 2017 йилгача — қирғиз божхонаси раҳбарининг ўринбосари бўлган. Бу орада у хитойлик тадбиркор Хабибула Абдукадирнинг яширин клани билан бирга коррупция схемасини йўлга қўйган.

Абдукадирнинг оила клани Хитойдан Қирғизистонга кейин Марказий Осий давлатларига ноқонуний юк ташиётган Матраимов бу схемани бузилмай ишлашига ёрдам бериб, бунинг учун оиланинг хайрия фонди ҳисобига «садақага» олиб турган.

Матраимов ва унинг қариндошлари коррупция схемаси ортидан пул топишгани ҳамон аниқ маълум эмас. Бироқ унинг оиласининг кутилмаганда (ва ноқонуний) бойигани очиқ билинган. Масалан, журналистлар Қирғизистон ҳудудида ҳам, чет ўлкаларда ҳам Матраимовларнинг оиласига тегишли мулкларни топишган. АҚШда Матраимов билан унинг турмуш ўртоғи «Магнитский рўйхати»га киритилган.

Матраимовларнинг клани қирғиз сиёсатига катта таъсир қилган — унинг катта акаси Искендер Матраимов парламент депутати. Уларга боғлиқ «Мекеним Кыргызстан» партияси 2020 йили 4 октябрда ўтган парламент сайловида ғолиб бўлган.

Бироқ, норози бўлган фуқаролар Оқ уйни босиб олишгандан кейин сайловнинг натижаси бекор қилинган. Митингга сайловда маъмурий ресурсдан фойдаланилгани, шунингдек сайловчиларнинг овозларини сотиб олиш ва ўзгартириш сабаб бўлган. Кўпинча овоз сотиб олишга мана шу «Мекеним Кыргызстан» партиясини айблашган.