Ҳукуматнинг Ўшдаги вакили сайловда админресурс қўлланилмайди деб ваъда қилди

Ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги вакили Жарасул Абдураимов 10 январдаги президентлик сайловида маъмурий ресурсдан фойдаланилмайди деб ишонтирди. Бундай фикрни у 24 октябрда журналистларнинг саволларига жавоб бераётиб билдирди.

“Биринчидан мен томондан ҳеч қандай маъмурий ресурс бўлмайди. Буни сезиб турибсизлар. Ҳар бир туманнинг етакчиларига ҳам шундай топшириқ берилади. Бизда сайлов адолатли ўтиши бўйича штабни назорат қилиш бу бизнинг вазифамиз. Биз буни тузамиз. «Уни сайла, буни сайла» деган бирорта ҳам топшириқ берилмайди”, — деди Абдураимов.

Абдураимов вилоят раҳбарлигига президентликка номзод Садир Жапаров ҳукуматда турган вақтда келган. Бироқ у сиёсатдан узоқ бўлиб, кўпроқ хўжалик ишларига эътибор қаратишни таъкидлади.

Абдураимов ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги вакили этиб 19 октябрда тайинланган. У Олай туманининг Гулчў қишлоғида туғилиб-ўсган. Мутахассислиги бўйича иқтисодчи. «Ишеним» партиясининг асосчиларидан бири ва етакчиси, Нанотехнологиялар институтига асос солган. Бундан ташқари, у ўндан ортиқ компания ташкилотчиси бўлиб саналади.

Президентлик сайлови 2021 йилнинг 10 январига белгиланган. МСК номзод қатори 47 кишини рўйхатга олди. 4 октябрда ўлкада парламент сайлови бўлиб ўтган. Сайловда маъмурий ресурсдан фойдаланиш, овоз сотиб олиш ва форма №2 билан оммавий рўйхатга олиш фактлари бўлган. Шу сабаб сайловнинг натижасидан норозилик юзага келиб, бунинг ортидан ҳукумат алмашган ва сайловнинг натижаси бекор қилинган.