Собиқ божхоначи Эмилбек Кимсановнинг иши қисқартирилиб, қамоқдан озод қилинди

342

Эмилбек Кимсанов Собиқ божхона ходими Эмилбек Кимсанов қамоқдан чиқарилди. Бу ҳақда «Азаттык»қа ИИМнинг раҳбари вазифасини бажарувчи Улан Ниязбеков билдирди.

Ниязбековнинг айтишича, Кимсановнинг устидан шикоят қилган одам аризасини қайтариб олган. Шу сабаб унга нисбатан қўзғалган жиноий иш қисқартирилган.

Кимсановнинг адвокати Назгул Суюнбаева собиқ божхона ходими 6 октябрда ИИМнинг бош тергов бошқармасининг терговчиси Улан Зикиралиевнинг қарори билан қамоқдан чиққанини айтди.

«Жиноий иш қисқартирилган. Бир қисми жабрланган Автандил Конгантиев айбловдан воз кечганига, иккинчи бўлими – Кимсановнинг айби исботланмагани сабаб», — деди Суюнбаева.

Кимсанов божхона хизматининг Ўш вилояти бўйича бошқармасининг собиқ ходими. У божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг яқин кишиларидан бири бўлган.

У ўзининг ҳамкасби Автандил Конгантиевни — ИИМнинг собиқ раҳбари Молдомуса Конгантиевнинг ўғлини — 2018 йилнинг декабрь ойида калтаклашда гумон қилиниб, Санкт-Петербург шаҳридан олиб келинган. Кимсанов ўзи иш бу вақтгача ёпилганини ва айби йўқлигини айтган.

2020 йилнинг февраль ойидан бошлаб Кимсанов ва унинг яқинлари Матраимовларнинг клани томонидан таҳдид ва босимлар бўлаётганини билдириб, президент номига бир нечта видео мурожаатлар йўллашган. Кимсанов сўнги эълон қилинган видеосида Райимбек Матраимов журналист Али Токтакуновни «ўликми-тирикми менга олиб келасизлар» деган буйруқларни берганини айтган.

Токтакунов — божхонадаги ноқонуний ишлар ҳақида журналистик суриштирувнинг муаллифларидан бири ва бу суриштирувда Райимбек Матраимовнинг номи тилга олинган. Шунингдек, қамоқда ходимлар томонидан калтаклангани айтилиб, расм ва видеолар ижтимоий тармоқларга тарқалган.

Бироқ ЖЎДХдан Кимсанов кароватдан тушиб кетган деган версияни айтишган. Кейинчалик Бош прокуратура бу ишни ўрганаётгани маълум қилинган. Бироқ ЖЎДХ ишни ўзи текшираётганини билдирган. Шу сабаб депутат Дастан Бекешев «ўзингизни-ўзингиз ўрганяпсизми?» деб танқид қилган.