Қирғизистонда коронавирус яна 36 кишида аниқланди — жами 2129 ҳолат

369

Ўтган сутка ичида Қирғизистонда коронавирус инфекцияси яна 36 кишидан топилди — уларнинг ўн нафари тиббиёт ходими. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев 11 июндаги брифингда билдирди.

Касалнинг энг кўп янги ҳолати Бишкек шаҳрида қайд қилинди — 17. Уларнинг орасида тўққиз тиббиёт ходими бор. Ўш шаҳрида коронавирусга бир тиббиёт ходими ва яна бир киши чалинди. Шунингдек коронавирус Ўш вилоятида тўрт, Жалолобод, Иссиқкўл ва Чуй вилоятларида уч нафардан, Талас вилоятида икки, Баткен ва Норин вилоятида бир нафардан кишида топилди.

Янги қайд қилинган ҳолатларнинг тўрти чет мамлакатлардан келган фуқаролардан аниқланган. Яна 19 киши касаллар билан алоқада бўлган, 13 беморнинг COVID-19ни қандай йўл билан юқтириб олгани номаълум.

Шу билан коронавирусни юқтириб олган фуқароларнинг сони 2129га етди — унинг 419 нафари тиббиёт ходими. Ўпка касалидан жами 1630 киши шифо топди, йигирма олти бемор вафот этди.

Ҳудудлар бўйича коронавируснинг энг кўп ҳолати Бишкек шаҳрида қайд қилинган — 591 ҳолат. Норин вилояти бу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда келмоқда — 401 ҳолат. Ўш вилоятида — 246, Жалолобод вилоятида — 174, Ўш шаҳрида — 244, Чуй вилоятида — 172, Боткен вилоятида — 33, Иссиқкўл вилоятида — 25 ҳамда Талас вилоятида уч киши касалга чалинди.

Бундан ташқари, чет давлатлардан келган қирғизистонликларнинг орасида 240 кишида коронавирус аниқланди.

Ҳозирда касалхоналарда 473 киши қолмоқда — уларнинг ўн бир нафари оғир аҳволда, икки нафари жонлантириш бўлимида. Ўлка бўйича обсервацияга 1438 киши олинди.

Коронавирусга чалинганлар билан алоқада бўлганларнинг сони 9024ни ташкил қилди. Охирги сутка ичида ўтказилган таҳлилларнинг сони — 2162.