Жээнбеков: «Матраимовлар камроқ миқдорга даъво қўйиши мумкин эди»

440

Президент Сооронбай Жээнбеков йил натижаси бўйича уюштирилган бугунги матбуот анжуманида Матраимовлар оиласининг уч ОАВга  — «Клооп»га, «Азаттык»қа, 24.kg ахборот агентлигига ҳамда журналист Али Токтакуновга қарши даъво аризасига изоҳ берди. 

У Матраимовлар камроқ миқдорда даъво қўйишлари ҳам мумкин бўлганини таъкидлади. 

Шунингдек президент Қирғизистонда ОАВлар энг эркин ва демократик эканини билдирди. Унинг айтишича, «биздаги каби матбуот эркинлиги кўплаган бошқа ўлкаларда шунчаки йўқ».

«Бизники каби эркинлик кимда бор? Баринглар истагандек ёзяпсизлар! Менинг аппаратимдан кимдир сизларга нимани ёзиб, нимани ёзмаслик кераклигини айтяптими? Сайлов вақтида 24.kgни судга бердик. Аммо сайловдан кейин дарҳол шикоятимни қайтариб олдим. Чунки бизда парламент кучли, ОАВлар мустақил, фуқаролик жамиятимиз эркин бўлгандагина ўлка ривожланади. ОАВлар мустақил, эркин бўлиши керак», — деди президент йил хулосаси бўйича йиллик анжуманда.

У матбуот эркинлигининг дунё рейтингида 83-ўринда турган Қирғизисоннинг  «матбуот эркинлигини доимо ҳимоя қилишини» таъкидлади. У «Чегарасиз мухбирлар»нинг 2019 йилга нисбатан рейтинги ҳақида айтишни истаган бўлиши мумкин.

Шунингдек президент журналистларни қонунийликни сақлашга ҳамда масъулиятни сезишга чақирди. 

«ОАВларнинг эркинлигини ҳимоя қиламан. Халқ рост-ёлғонни фарқлашни ўрганиши керак. Матбуот эркинлиги жуда катта масъулият  — буни сеза олиш керак, уни ҳамма ҳам кўтара олмайди. Буни қийматини ҳам билиш керак. Энг асосийси қонунийликни сақлашни ўрганиш керак. Шунда келажагимиз яхши бўлади. Эркинликни тўғри сақлашни ўрганайлик!» — деди Сооронбай Жээнбеков.

ОАВларнинг судга берилиши

Божхона хизмати етакчисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов, унинг акаси Искендер Матраимов ҳамда уларнинг турмуш ўртоқлари, шунингдек уларга тегишли бўлган «Исмаил Ата» жамоат жамғармаси 12-декабрда «Азаттык», «Клооп» ҳамда 24.kg нашрларини судга берган. 

Нашрларни судга беришга «Азаттык», «Клооп» ҳамда OCCRPнинг жорий йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида божхонадаги коррупция бўйича ҳамкорликда чиқарган журналистик суриштируви сабаб бўлган. Райимбек Матраимов ҳамда унинг рафиқаси — бу суриштирувнинг фигурантларидан бири. 

Матраимовлар оиласи «Азаттык»дан 22,5 млн сом (деярлик 320 000 доллар), «Клооп»дан 12,5 млн сом (177,7 минг доллар) ҳамда Али Токтакуновдан 10 млн сом (142,2 минг доллар) компенсация ундиришни исташмоқда. .

Бундан ташқари, улар суриштирувга ҳеч бир алоқаси бўлмаган, аммо уни ўз сайтида босиб чиқарган 24.kg нашридан 15 млн сом (213,2 минг доллар) компенсация талаб қилмоқда. 

Матраимовлар суриштирувнинг эълон қилиниши Райимбек Матраимовнинг «ор-номусини ва тадбиркорлик обрўсига» зарар етказган деб ҳисоблаб, суддан суриштирувдаги айрим фактларни тарқатишни тақиқлашни сўраб, шунингдек материал муаллифларининг исмларини ошкор қилишни талаб қилишган. Аммо суд уларнинг илтимосини рад қилган.