Бишкек шаҳар суди Атамбаевнинг қўлга олинишини қонуний деб топди

401

Бишкек шаҳар суди 4-сентябрда собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг қўлга олинишини қонуний деб топди. Бу ҳақда журналистларга унинг адвокати Сергей Слесарёв билдирди.

Унинг айтишича, суд Атамбаевнинг қамоққа олинишини ва унинг ноқонуний ушланишининг устидан берилган адвокатларнинг шикоятларини рад этди.

«Бошқача ҳукмни кутмаган ҳам эдик. Тинглов қандай аҳволда ўтаётганини кўрганмиз — Бишкек шаҳар судида деб тайинланган бўлсада, амалда МХДҚда ўтказишди», — деб келтиради 24.kg Слесарёвнинг сўзларини.

У собиқ президент терговчиларнинг саволларига жавоб беришдан бош тортмоқда деб кўшимча қилди.

«[Атамбаев] ноқонунийликка қарши, чунки уни қамоққа олишга ҳақлари йўқ эди [...] У конституциянинг, қонуннинг, ҳуқуқларининг ва манфаатларининг бузулишига қарши норозилигини билдирмоқда», — деди адвокат.

Унинг айтишича, суд йиғини вақтида ҳуқуқий меъёрлар бузилган, чунки у ёпиқ тартибда ўтган.

«Атамбаевнинг 26-октябрга қадар қамаш бўйича аризамиз бўйича асосларимиз умуман ҳисобга олингани йўқ. Жавоб берилгани йўқ, суд шунчаки ариза қаноатлантирилмади деб қўйди», — деди Слесарёв.

Атамбаев август ойининг ўртасида ўтказилган махсус операциянинг натижасида қўлга олинган. Ҳозир у бир неча иш бўйича терговда ўтирибди. Уларнинг орасида коррупцияга боғлиқ иш ҳам бор. Собиқ президент 26-октябргача қамоқда қолдирилган.