«Бизнинг ўлкада ҳаққоний сайловга чақирган одамларни 15 кунга қамашади» — Алматада фаолларни тинчлик митинги учун суд қилишди

462
Асия Тулесова ва Бейбарис Толимбеков баннер билан. Алмата, 20-апрель. Сурат: Асем Жапишеванинг фейсбуги

Ўтган якшанба куни, 20-апрелда Алмата шаҳрида «Алмата марафони» бўлиб ўтди. Асосан марафон куни иштирокчиларнинг ҳавфсиз харакатланиши учун шаҳарнинг асосий кўчалари тўсилади. Бу йили унга 17 минг киши қатнашган.

Аммо, Алматада бўлиб ўтган марафон иштирокчиларининг кўплиги билангина эмас, у тугагандан кейинги қўлга олишлар билан ҳам диққатни жалб этган.

 

Алмата полицияси ўлкада 9-июнда ўтувчи президентлик сайловини ҳаққоний ўтказишга ундаган чақириқ учун фуқаровий фаоллар Асия Тулесова ва Бейбарис Толимбековни қўлга олган.

Тулесова ва Толимбеков марафон иштирокчилари югурган йўлга яқин ерда «Ҳақиқатдан қочиб қутилмайсан #adilsailayushin #менинтандоомбар» деган сўзлар ёзилган баннер ўрнатишган.

«Асия ва Бейбарис соат 8:20да баннер билан чиқишган, орадан 20 дақиқа ўтгандан кейин уларни полиция қўлга олган», — деб айтиб берди «Клооп»га Қозоғистоннинг The Steppe нашрининг махсус мухбирлар бўлимининг етакчиси Асем Жапишева.

Флешмоб учун 15 кун

Фаолларнинг устидан суд иши ўша куннинг ўзидаёқ ўтган. Тулесова ўзининг охирги сўзи вақтида судьяга мурожаат қилиб, унинг акцияси — бу давлатда ўзгариш бўлишини хоҳлаган қозоғистонликларга даъват деб айтган.

«Келинглар судларимизни буйруқ билан эмас, айбдорларни судлашга ўргатайлик. Келинглар ҳуқуқ тартибот органларимизни сиёсий фаолларни таъқиб қилишга эмас, халқни ҳимоя қилишга ўргатайлик. Шунчаки ҳимоя қилишга. Одамлар бор — улар яшашни истайди, улар қуришни хоҳлайди. Бейбарисов иккимизнинг флешмобимиз айнан шу нарсага бағишланган», — деган у.

Шунга қарамай алмата шаҳар суди уларни «митингларни ўтказиш бўйича қонунни бузганлиги» бўйича айбдор деб топиб, 15 кунга қамоққа олиш ҳукмини чиқарган. Тулесова ва Толимбековни қўллаш учун суд биносига келганлар бу қарорни мақуллашмай қичқиришган.

Лекин қозоқ ҳукуматининг жазо чоралари Тулесова ва Толимбековгагина эмас, уларнинг пикетини ёритганларга ҳам тегишли бўлди.

Ҳужжатли фильм олган уч оператор Айдос Нурболатов, Айгүл Нурболатова ва Суинбике Сулеймановани «йиғин уюштириш ёки ўтказиш тартибини бузишгани» учун ҳар бирини 130 доллардан жаримага тортишган. Операторларнинг жарималарини тўлаш учун пул бир соатнинг ичида тўпланган.

«Улар марафонни тасвирга олгани келишган, бироқ полиция Асия ва Бейбарисни ушлаб кетишаётганларини кўришгандан кейин қўлга олишни тасвирга тушира бошлашган. Уларни бир кун давомида ушлаб, кейин қўйиб юборишган. Шундан кейин операторларни гувоҳдан айбланувчига қайта квалификациялашган. Сулейманова ҳомиладор бўлгани сабабли, суд унинг жаримасини 30%га камайтирган», — деб айтиб берди Жапишева.

Ижтимоий тармоқларнинг муносабати

Ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари қамоққа олинган ва жаримага тортилган фаолларни қўлловчи постларини ёзишмоқда.

 

«Бу ерда сайловнинг қандай алоқаси бор?»

Қозоғистоннинг ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаев билдиришича, Тулесова ва Толимбеков «митингларни, юришларни ва қаршилик акцияларинин ўтказиш бўйича қонунни бузишган».

«Сайловнинг нима алоқаси бор? Спорт тадбири ўтказилаётган бўлган, у олдиндан режалаштирилган, шаҳарда афишалар илинган, 17 минг спортчи иштирок этган, кейин ўша вақтда икки баннерни очиб, спорт тадбирининг ўтишига халал беришмаяптими. Бу нима қонун бузарлик эмасми? Бу қонун бузарлик», — деб билдирди Тургумбаев.