«Турмуш» нашри Қўчқор районининг Туз қишлоғидаги мактаб ўқувчилари дарс вақтида ҳушини йўқотиб, йиқила бошлаганини ёзган. Мазкур шикоят давлат эпидемия назоратининг текширувига сабаб бўлди.
Туз қишлоғидаги мактаб раҳбарияти бинода зарарли моддалар бор ёки йўқлигини текшириш бўйича ҳукуматга мурожаат қилган. Мактаб маъмурияти ўқувчилар орасидаги бош оғриқларнинг сабаблари бинодаги қурилиш материаллари билан боғлиқ бўлиши мумкин деб гумон қилишмоқда.
Оммавий бош оғриғига ва ҳушини йўқотишдан арзланиб касалхонага 20га яқин ўқувчи мурожаат қилган, бироқ улардан ташқари ўқитувчилар орасидан ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтиб, ҳеч ким мурожаат қилмаган.
«Турмуш» нашри маълум қилишича, мактаб маъмурияти аввалига бу кўринишни бино эски қабристон устида қурилгани билан боғлаган. Шу сабабли қуръон ўқитилган, бироқ бу ёрдам бермай воқеа такрорланаверган.
Давлат эпидем назорат комиссияси аъзоси Алтин Ураимованинг «Клооп» мухбирига билдиришича, ўқувчилар орасидаги бу кўриниш сабаблари ҳозирча номаълум. Қурилиш материалларининг таҳлили ҳеч қандай салбий натижа кўрсатмаган.
Ураимованинг айтишича, давлат эпидем назорати ходимлари кабинетлардаги микроклиматни текшириб, синфларни тез-тез шамоллатишни маслаҳат беришган.
«Айрим синфларда Цельсий бўйича 18 даража бўлиши керак бўлган оптимал ҳарорат 25 даражага чиқиб кетган. Биз уларга бинога тоза ҳаво киритиб, синфларда оптимал ҳароратни сақлашни маслаҳат бердик. Балки сабаби шу бўлиши мумкин», — деди у.
Ураимова бундай сўров билан комиссияга биринчи марта мурожаат тушганини қўшимча қилди.
Муаллиф: Метин Жумагулов