Тожикистон: Амалдор аёл Раҳмонни кутиб олиш вақтида мусиқачилар ритмдан чиқиб кетгани учун ишдан бўшатилди

626

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон иштирокида бўлиб ўтган тантанали тадбирда “Очаджонхо” (“Онажон”) доирачилар ансамблининг кичик хатоси Хуросон туманининг хотин-қизлар ва оила бўлими раҳбарининг мартабасига қимматга тушди.

Давлат раҳбари стадионга кириш чоғида доира садолари остида кутиб олиниши керак эди. Бироқ “Очаджонхо” хотин-қизлар ансаблида нимадир нотўғри кетди ва улар ритмдан чалғиб кетишди. Президентнинг қоши чимирилди – унга учрашувнинг бу каби бошланиши ёқмаган эди.

Давлат раҳбарининг кайфияти бузилишига туман раисининг хотин-қизлар ва оила бўлими бошлиғи айбдор деган хулосага келинди. Чунки у «Очаджонхо» ансамблининг мусиқий дастурини тайёрлашга маъсул эди.

Хуросон тумани хотин-қизлар ва оила бўлимининг собиқ бошлиғи Зиёда Саломова “Озодлик” радиосининг тожик хизматига берган интервьюсида доирачилар ансаблининг хатоси туфайли мансабидан бўшатишганини тасдиқлади.

У ишдан бўшатилганидан афсусда эмаслигини, аслида доирачилар хатоси учун ансамбл раҳбари жазога тортилиши кераклигини айтди.

Раҳмоннинг ишчи ташрифи учун 1000 аёл тайёргарлик кўрган.

Тожикистон президентини қандай кутиб олишади?

Тожикистонда давлат раҳбарининг минтақаларга ташрифига жиддий ва синчковлик билан тайёргарлик кўрилади. Маҳаллий амалдорлар ташрифга қадар аҳоли ўртасида “иш олиб боришади”.

Бош томоша - маҳаллий артистлар ва мактаб ўқувчилари иштирокидаги театрлаштирилган тадбирга тайёргарлик бошланади.

Расмиийлар давлат раҳбари иштирокида бўлиб ўтадиган мажлисда иштирок этувчиларнинг рўйҳатини тузишади. Мактаб ўқувчилари президентни мадҳ этувчи шеърлар айтишлари ва мақтов қўшиқларни куйлашлари керак бўлади.

Учрашув вақтида барча тўпланганлар Миллат Етакчиси олдида қўлларини кўкракларига қўйганича туришлари керак.

Муаллиф: Айдай Эркебаева

Фото: «Озодлик»