Ўш давлат университетининг 3-курс талабаси Абдулманаф Садиков араб ҳарфлари ва Қуръон оятларининг ёрдами билан расм чизади. У бошқа расмлардан фарқланиб, унинг меҳнати ижод намунаси бўлибгина қолмай, диний тарғибот бўлиб ҳам саналади.
Абдулманаф Сидиков болалигидан бери расм чизишга қизиқади. Ўша вақтдаёқ у ғайриоддий тарзда расм чизгиси келганини тушунган. Бироқ ёш бўлганлиги сабабли орзусини қандай амалга оширишни билмаган.
Қоракўлда вояга етган Абдулманаф кейинчалик Ўш давлат университетининг теология факультетига топшириш учун Ўш шаҳрига келган. Ўзининг яхши кўрган ишига у Туркияда бир йил ўқиб келгач эришган.
«Мен у ердаги масжидларга бориб, араб ҳарфлари билан тайёрланган безакларни ўргандим. Шунда менда чиройли ёзишга иштиёқ пайдо бўлиб, араб ҳарфларини бошқача чизгим келди», — деб хотирлади у.
Абдулманаф Туркиядан Қирғизистонга қайтиб келганда, ўзининг яхши кўрган ишини давом эттирган, бироқ кўпинча буни ўзи учун қилган.
Бир марта у Ўшдаги тил марказининг бирида ўзининг навбатдаги расмини чизганда, директор келиб нима билан шуғулланаётганини сўраган.
«Мен унга чизган расмларимни кўрсатдим. Унга ёқди, дарров бир неча суратларимни сотиб олишини айтди. Мен рози бўлдим. Ҳозир расмларим марказнинг қабулхонасида илиниб турибди», — деб айтди у.
Бу марказда Абдулманаф билан бирга маҳаллий телеканалларнинг бирида ишлаган журналист қабулхонада илиниб турган расмларни кўриб, бу тўғрисида сюжет тайёрлашга қарор қилган.
«Сюжет телевизор орқали намойиш қилиниб, YouTubeга ҳам чиқарилган. Шундай қилиб бу расмлар тўғрисида кўпчилик эшита бошлади», — деди у.
Шундан кейин Абдулманафнинг расмларини кўпчилик сотиб ола бошлаган. Ҳозир у фақат расм чизмасдан, китобларнинг безаги ва автопортретларни яратиш учун буюртмаларни ҳам қабул қилади.
«Ўн автопортретни тайёрлаш учун менга бир ой етади», — дейди у.
Яқинда унинг ижоди маҳаллий имомларнинг эътиборига тушди. Абдулманафга бир неча масжиднинг ичини безатиш бўйича таклифлар келиб тушган.
«Бир масжидни бошлаб кўрамиз. Агар ёқса, кейин қолганларини ҳам шунга ўхшаб қилишни топширишса керак», — деди рассом.
Абдулманафнинг айтишича, араб ҳарфларидан, Қуръон оятларидан расм чизиш анча қийин, бироқ ҳаракат қилса натижада жуда мазмунли сурат пайдо бўлади.
Муаллиф: Хамидилло Узақов