Қирғизистон Ботиров сабабли Бишкекдаги ЕХҲТ марказининг мақомини пастлатади

909

Қирғизистон ташқи ишлар министрлиги Қодиржон Ботировнинг ЕХҲТнинг йиғинида нутқ сўзлаганидан кейин юзага келган вазият сабабли ЕХҲТнинг мақомини қайта кўриб чиқади. Бу ҳақда «Фергана» маълумот агентлиги ёзган.   

«Фергана»нинг ёзишича, 28-сентябрда ташқи ишлар министрлиги ЕХҲТга норозилик нотасини йўллаган. Унда 2017-йилнинг 1-январидан бошлаб, ЕХҲТнинг Бишкекдаги марказини ЕХҲТнинг дастурий офисига айлантириш тўғрисида айтилган.

Бунинг учун ташқи ишлар министрлиги ЕХҲТни танқид қилиб, уларнинг йиғинида Қирғизистонда умрбод сиртдан судланган тадбиркор ва собиқ депутат Қодиржон Ботировнинг нутқ сўзлашини нотўғри деб баҳолаган.

Маълумотни тасдиқлаш учун «Фергана» ТИМнинг хатини ҳам эълон қилган. Унда «ҳамкорликни давом эттириш» учун «ЕХҲТнинг статусини ўзгартириш» тўғрисида ёзилган.

«Статусни ўзгартириш» нимани билдириши тўғрисида аниқ маълумот йўқ, бироқ «Фергана» «бу яхшиликка олиб келмайди» деб ёзади. Нашр аноним маълумот манбаасига таяниб, ЕХҲТнинг статусини дастурий офисгача туширган Қозоғистонни мисол келтирди.

«Остонада ЕХҲТнинг барча тадбирлари ТИМ билан келишилган ҳолда ўтказилади. Энди мазкур ташкилотнинг Бишкекдаги офисида ҳам ТИМнинг ёрдамисиз бир қадам ҳам ташлолмай қоладими», — деб ёзади «Фергана».

Бундан ташқари «Фергана» ёзишича, ташкилотнинг статусини ўзгартириш бўйича лойиҳани яқин кунларда Қирғизистон делегацияси ЕХҲТнинг вакиллиги жойлашган Венага юборади.

ЕХҲТ «нота тўғрисида билади»

ТИМнинг матбуот хизмати ҳозирча ЕХҲТнинг статусини қайта кўриб чиқиш тўғрисида маълумот бермаган. ТИМнинг матбуот хизматининг вакили Айимкан Кулукееванинг Kloop.kgга билдиришича, раҳбарият томонидан бундай билдирув бўлганини билмаслигини айтган.

«Бизга бир нечта журналистлар қўнғироқ қилишди. Бироқ биз бу ҳақда ҳеч қандай маълумот билмаймиз. Мутахассислардан аниқламоқдамиз», — деди у.

Бишкекдаги ЕХҲТ марказининг матбуот хизмати раҳбари Василина Бражко Kloop.kgга, улар ТИМнинг нотаси тўғрисида билишини, бироқ у ҳали манзилига етмаганини айтди.

«Норозилик нотаси ЕХҲТнинг Венадаги котибиятига юборилган бўлса керак, бизга хат келиб тушмаган. Бироқ биз ҳозир мандат асосида иш олиб бормоқдамиз, бундан ташқари ЕХҲТнинг қоидалари асосида ишламоқдамиз», — деди у.

Ботиров сабабли юзага келган можаро

Қирғизистон ТИМи ва ЕХҲТнинг ўртасида бўлган келишмовчилик 20-сентябрдан кейин бошланган. Унда Жалолободдаги ўзбеклар жамиятининг лидери, тадбиркор, Қирғизистонда сиртдан умрбод судланган Қодиржон Ботиров ЕХҲТнинг Варшавада ўтган одам ҳуқуқлари бўйича йиғинида нутқ сўзлаган.

Ўз сўзида, Ботиров Қирғизистоннинг ҳозирги ҳукуматини, Конституцияга ўзгартириш киритишга қарши чиққанлар билан курашишда унинг номидан фойдаланаётгани учун танқид қилган эди.

ТИМ Ботировнинг йиғинга иштирок этишини таъқиқлашни талаб қилиб, ЕХҲТга норозилик нотасини юборган.

Қодиржон Ботиров сўзлаётганда, 23-сентябрда Қирғизистон президенти аппаратининг раҳбар ўринбосари Мира Карибаева залдан чиқиб кетган эди.

У бу кўринишни йиғинга Ботировнинг ҳуқуқ ҳимоячиси қатори иштирок этишига йўл беришни Қирғизистонга ва 2010-йилдаги қурбон бўлганларга нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолаган.

«Биз буни провокация қатори баҳоламоқдамиз. Бизнинг делегация жиноятчиларга шароит яратиб берган ташкилотнинг иш олиб боришига қўшган ҳиссамиз тўғрисида айтиб беришимиз керак. Агар унга яна сўз берса, биз йиғиндан чиқиб кетамиз», — деб Карибаева залдан чиқиб кетган.

МХДҚ президент Алмазбек Атамбаевнинг топшириғи билан 15-сентябрь куни Қодиржон Ботировнинг қочиб кетишида вақтли ҳукумат аъзоларининг иштироки бор-йўқлигини текшира бошлаган.

Бу вақтли ҳукумат аъзолари Бош қонунни ўзгартиришга қарши чиққандан сўнг бошланган.

Муаллиф: Александра Титова