Бишкекнинг Биринчи май туман суди Бахтияр Курманов ва Эрмек Жунушбаевни «Кумтор» олтин қазиш конидан пул талаб қилганликда айбдор деб топди. Судланганлар адвокати ҳукмни шикоят қилмоқчи, улар ҳамқишлоқлари митингга чиқди.
Курманов ва Жунушбаев Қирғизистон жиноят кодексининг икки моддаси — «Катта миқдордаги пора талаб қилиш» ва «Оммавий тартибсизликда иштирок этиш» моддалари бўйича айбдор деб топилган.
Уларга қарши қўйилган қолган икки модда — «Безорилик» ҳамда «Бинолар ва иншоотларни ўзбошимчалик билан босиб олиш» бўйича улар оқланди.
Қамалганларнинг ҳар иккаласи Қирғизистон ҳукумати ва «Центерра Голд» компанияси эгалик қилувчи «Кумтор» олтин кони жойлашган Жетиўгуз тумани яшовчилари.
Курманов ва Жунушбаев 2013 йилнинг ёзида «Кумтор» олтин конини миллийлаштириш борасида ўтказилган митингларда етакчилардан бўлган. Мазкур норозилик акциялари чоғида митингчилар конни электр тармоғидан узган ва милиция билан тўқнашганди.
Ўша ёзнинг ўзида ҳар икки судланувчи «Центерра Голд» ширкати вакили билан учрашган ва норозилик акцияларини тўхтатиш эвазига 3 млн АҚШ доллари талаб қилган.
Бироқ бу суҳбат махсус хизмат тарафидан яширин камерага ёзиб олинганди ва бунинг асосида ҳуқуқ тартибот органлари уларни қўлга олишга эришганди.
Судланувчилар адвокати Чинара Жакупбекова Kloop.kg билан суҳбатда ҳакам қароридан норози эканини билдирди. У мазкур қарорни Бишкек шаҳар судида шикоят қилмоқчи.
«Улар у ерда бўлмаган бўлса, ҳакам қандай қилиб уларни «Оммавий тартибсизликларда иштирок этиш» моддаси бўйича қамаши мумкин», — дейди адвокат.
Жетиўгузлик намойишчиларнинг бошчиларидан бири, маҳаллий кенгаш депутати Замир Миндибаев Kloop.kg билан суҳбатда Саруу яшовчиларининг айил кенгаши яқинида тўпланаётганини билдирди.
«Биз норозимиз, ахир улар [пул талаб қилганлар] халқ учун чиққанди», — дейди депутат.
Унинг сўзларга кўра, сарууликлар қамалганларни озод қилишни талаб қилмоқда.