Патентлар нархини ошириш ҳақидаги таклиф Молия министрлиги тарафидан 5 феврал куни муҳокамага қўйилди.
Патентларнинг ҳозирги нархи 2008 йилда ўрнатилган ва ўшандан буён ўзгартирилмаган.
Молия министрлиги эса, бу нархларни беш баробарга оширишни таклиф қилмоқда.
Патентни сотиб олиш қирғизистонлик тижоратчиларга солиқни енгиллаштирилган тартибда тўлашга ёрдам беради.
Хизмат фаолиятидан келиб чиққан ҳолда патент учун муайян суммани тўлаган тижоратчилар бошқа солиқлардан озод бўлади.
Агар министрлик таклиф қилаётган ўзгартирувлар кучига кирса кийим, оёқ кийими сотувчилар учун патент нархи беш баробарга — 2 минг сомдан 5 минг сомга ошади.
Парфюм, атир-упа ва кир ювиш воситаларини сотиш учун патент ҳам ҳудди шунчага ошади.
Хот-дог ва гамбургер сотувчилар учун патент нархи 3 баробарга — 3,5 минг сомдан 10 минг сомга кўтарилади.
Молия министрлиги лойиҳаси, шунингдек, патент орқали ишлаш ҳуқуқини берувчи янги хизмат фаолиятларини очишни таклиф қилади — улар орасида телефон ва компьютерларни таъмир қилиш каби хизмат турлари ҳам бор.
Министрлик таклифи ижтимоий тармоқдаги норозиликларга сабаб бўлди.
Таклиф қилинаётган ўзгартирувларга биринчилардан бўлиб эътибор қаратган ҳуқуқшунос Жанабил Давлетбаев министрлик номига шикоятлар ёзишни таклиф қилди.
Ҳуқуқшуноснинг бу таклифини Фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари қўллади.
«Нархлар осмонлайди, тижорат фойдасиз бўлади ва хулосада давлат бизнесни кўмади. Бу тариқа бюджетни тўлдиришни ўйлаб топишганига қойил. Мулозимларнинг ярмини ишдан бўшатиш ўрнига кичик бизнесни бўғишяпти[...]», — деб ёзди тармоқ фойдаланувчиси Мурат Калмурзаев.