Қирғизистон ва Тожикистон чегарасига яқин ердаги йўл қурилиши икки давлат чегарачиларининг отишмасига олиб келди. Ҳар икки тарафнинг аскарлари яралангани ҳақида хабарлар бор. Рўй берган фожеада икки тараф бир-бирини айблаяпти.
Жами етти кишининг жароҳат олишига сабаб бўлган ҳодиса 11 январ куни, Қирғизистоннинг Кўк Таш қишлоғи яқинида содир бўлган.
Қирғизистоннинг яраланган бир аскари оғир аҳволда эканини Қирғизистон чегара хизмати матбуот хизмати хабар қилди.
Қирғизистоннинг Кўк Таш ва Тожикистоннинг Ҳожи аъло қишлоқлари ўртасида икки давлатнинг 100га яқин чегарачилари йиғилган — бунга Қирғизистоннинг талаш ҳудудда олиб бораётган йўл қурилиши ишлари сабаб бўлган.
Кўк Таш қишлоғи яшовчилари ва Қирғизистон чегара хизматига кўра, биринчи бўлиб тожикистонлик чегарачилар ўт очган. «Вечерний Бишкек» газетаси биринчи бўлиб ўқ узган кимсанинг исмини ҳам ошкор қилишга улгурди — рўзномага кўра, у Тожикистон чегара хизмати полковниги Ханифов.
Қирғизистон чегара хизмати тарқатган матбуот релизида тожикистонлик чегарачиларнинг Қирғизистоннинг Кўк Тош қишлоғи яқинидаги сув деворини портлатиш учун миномётлардан фойдалангани айтилади.
«Қирғизистоннинг Боткен облати ва Тожикистоннинг Сўғд водийси бўйича Худудий Чегара бошқармаси бошчилари учрашуви пайтида тожик тарафга портламай қолган миномётнинг ўқи кўрсатилди», — деб ёзилади хабарда.
Тожикистон талқини
Айни пайтда Тожикистон ҳукумати ва Ҳожи аъло қишлоғи яшовчилари ҳодисани қирғизистонликлар бошлаганини иддао қилмоқда.
«Ҳодиса жойига келган тожикистонлик чегарачилар йўл қурилишини тўхтатишга ҳаракат қилишган, бунга жавобан эса қирғизистонлик чегарачилар бизнинг аскарларга ўқ узган. Оқибатда икки тожикистонлик аскар жароҳат олиб, Исфаранинг марказий шифохонасига олиб борилган», — деб Ҳожи аълолик сўзларидан иқтибос келтиради «Азия-Плюс» ахборот агентлиги.
Расмий маълумотларга кўра, отишма оқибатида Қирғизистоннинг беш аскари жароҳатланган, уларнинг уч нафарига Боткенда жарроҳлик амалиёти ўтказилган, қолган иккиси енгил жароҳат олган.
Тожикистон ТИВ ўз давлатининг икки аскари жароҳатланганини хабарлади.
Қирғизистон ҳукуматига кўра, 11 январ куни кеч чегарада ҳолат тинчиган.
Йўл тўсишлар
2013 йилнинг декабр ойи ўрталарида чегара яқинида яшовчи қирғизистонликлар ва тожикистонлилар ўртасида можаро юз берганди.
Можаро пайтида қирғизистонликлар Тожикистонга олиб борувчи йўлни тўсишганди.
Вице премьер Токон Мамитовнинг Тожик анклави Ворухни айланиб ўтувчи йўл қурилиши бошланиши ҳақидаги ваъдаларидан сўнг Оқсой қишлоғи яшовчилари Исфара-Ворух йўлини очди.
Транспорт ва коммуникация вазирлиги матбуот котиби Қиличбек Досумбетовнинг билдиришича, 20 декабр куни йўл қурилиши бошланганди.
«20 декабр куни Ворух анклавини айланиб ўтувчи йўл қурилишини бошлаш ҳақида қарор чиқарилганди. Қурилиш ишларига икки булдозер ва битта экскаватор жалб қилинди», – деганди Досумбетов.
Унинг сўзларига кўра, йўл қурилиши 2013 йилнинг баҳорида бошланган, бироқ айрим муаммолар туфайли қурилиш тўхтатилган.
Қирғиз-тожик чегарасида юз берган навбатдаги можародан ва уч кун ичида йўлнинг ёпилиб туриши йўл қурилишини қайта тиклашга сабаб бўлди.
Қирғизистон чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Борубаева Kloop.kg билан суҳбатда чегарада ҳолат «стабил» эканини айтди.
«Ворух-Исфара йўли очилди, Боткен-Исфана трассаси эса аввалроқ очилганди» , – деганди котиб.
Исфара-Ворух йўли 19 декабр куни Оқсой қишлоғи яшовчилари тарафидан тўсилганди.
Қирғизистонликлар йўлни қишлоқ яшовчиларидан бирининг дала ҳовлисига ўт кетгандан сўнг ёпишганди. Оқсойликларга кўра, уйга Тожикистон фуқароси ўт қўйган.
Мазкур трасса Қирғизистон худудлари билан ўралган Тожикистоннинг Ворух анлавини Тожикистон билан боғлаб турувчи ягона йўл.
“Озоди” радиоси хабарларига кўра, 23 декабр куни Тожикистон ва Қирғизистон мулозимлари Бишкекда музокара йиғинларини ўтказиши керак эди.