«Кумтор»дан пул талаб қилганлар СИЗОда қолдирилди

682

e8e4dc708b9ee895c5db752a6cdb34a2_500_0_0-750x400

Бишкекнинг Биринчи май туман суди «Кумтор» олтин кони топ менежеридан товламачилик билан  пул талаб қилганларга жазо чорасини ўзгартиришдан бош тортди. Судланувчилар тергов изоляторида қоладиган бўлди.

Бишкекнинг Биринчи май туман суди 14 ноябр куни «Кумтор» олтин кони раҳбариятидан 3 млн АҚШ долларини талаб қилган Эрмек Жунушбаев ва Бахтияр Курмановлар ишини кўриб чиқди.

Судланувчилар адвокати Чинара Жакупбекова ўз ҳимояси остидаги шахсларга нисбатан жазо чорасини ўзгартиришни сўради. Адвокатга кўра, уларнинг СИЗОда сақланиш муддати 29 октябр куни тугаган.

«Мен ҳимоям остидагилар жазо чорасини қамоқ билан боғлиқ бўлмаган чорага ўзгартиришни сўрайман. Шунингдек Курманов ва Жунушбаевнинг қамоқда қолишлари нақадар қонунийлигини кўриб чиқишни талаб қиламан», — деди адвокат маҳкамада.

Бироқ туман суди ҳаками Наринбек Молдобеков судланувчиларнинг қочиб кетишлари мумкинлигини билдириб, жазо чорасини ўзгартиришдан бош тортди.

«Уларни қамоқдан бўшатишга асосли сабаб йўқ. Улар оғир жиноятда гумонланяпти. Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ», — деди у.

Товламачилик билан пул ўмармоқчи бўлганлар устидан кейинги маҳкама жорий йилнинг 22 ноябрида ўтиши белгиланди.

Курманов ва Жунушбаев «Кумтор» олтин қазувчи кон менежеридан норозилик митингларини тўхтатиш эвазига 3 млн доллар талаб қилганликда айбланмоқда.

Кон раҳбарияти вакили билан гумонланувчилар суҳбатини махсус хизмат яширин видеокамерага ёзиб олган ва бу тасмани ОАВ орқали тарқатганди.

Айбланувчиларнинг ўзлари товламачилик қилмаганини билдирмоқда — улар талқинига кўра, видео ўзгартирилган.