Қирғизистон ва қўшни мамлакатлар чегарачилари сентябрь-октябрь ойларида Буюк ипак йўли-2012 махсус операция ўткизди. Натижада, қурол-яроқлар, гиёҳванд моддалар, ман қилинган адабиётлар мусодара қилинди.
Махсус операция натижалари бугун, 30 октябрда Бишкекда Давлат чегара хизмати (ДЧХ) бошчилигида эълон қилинди. Операция, асосан, Қирғизистон чегараларида 3 сентябрдан 12 октябргача ўтди.
ДЧХ бош штаби ўринбосари Абдукерим Алимбаев операция давомида 3 тонна 96 килограмм гиёҳванд модда, хусусан, 24 килограмм героин мусодара қилинганини айтди.
Бундан ташқари, 54 та ўқотар қурол, 1 мингдан ошиқроқ патрон, таъқиқланган экстремистик руҳдаги адабиёт, 7 миллион 221 минг сомлик контрабанда маҳсулотлари мусодара қилинди.
Алимбаев, шунингдек, 103 давлат чегарасини бузган ва 267 қидирувда бўлган шахс қўлга олинганини таъкидлади.
Операция қирғизистонлик чегарачилар ҳамда Давлат наркотик назорати хизмати, Давлат Миллий хавфсизлик қўмитаси, Божхона хизмати, ИИВ, шунингдек, Россия Федерал хавфсизлик хизмати билан биргаликда ўтказилди.