Вазир ўринбосари пулни пора сифатида эмас, балки қарзга олган дейди унинг адвокати

968

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Оморбай Нарбековнинг адвокати Марат Токтоматов ўз ҳимояси остидаги вазир ўринбосарини лавозимга тайинлаш учун ҳеч кимдан пул талаб қилмаганлигини айтди. Бош прокуратура эса қидирув ишлари олиб борилаётганини ва далиллар асосида хулоса чиқарилишини хабар қилди.

Аввалроқ Бош прокуратура бош шифокор лавозимига тайинлаш эвазига Урманбетова деган шахсдан 4 минг АҚШ доллари талаб қилган, деган айблов билан Нарбековни қўлга олганди.

Токматов ўз ҳимояси остидаги Нарбековнинг ишида жиноят ҳолатлари ва унинг коррупцияга қўл урганлигини исботловчи далиллар йўқ, деб айтди. Унинг сўзларига кўра, вазир ўринбосари ҳеч кимдан пора талаб қилмаган ва Урманбетовадан тўрт минг АҚШ долларини шунчаки қарзга олган.

«Биргина Урманбетованинг шикояти жиноий иш қўзғатилишига асос бўлди, аризага кўра менинг ҳимоям остидаги Нарбеков уни лавозимга тайинлаш учун пул мукофотини олганмиш», - дея ғазабланди ҳуқуқшунос.

Бош прокуратуранинг ўта муҳим ишлар бўлими бошлиғи Жанибек Салиев,далиллар керакли хулосага олиб келишини ва у ҳозирча бу ҳақда аниқ бир маълумот бера олмаслигини айтди.

«Биз ҳозирча фактлар устида иш олиб бормоқдамиз», - деди прокуратура ходими.

Токтоматов сўзларига кўра, тергов бўлими кўлга олинган Нарбековга дарҳол адвокат ёллашга йўл бермаган ва бу билан жиноий-тергов кодексининг «қўпол бузилишига» йўл қўйган.

Бош прокуратура тергов ишлари фақатгина Нарбековнинг адвокати келганидан сўнг бошланганини, адвокатнинг сўзлари эса - унинг «шахсий истаги» эканини билдирди.

Адвокат шунингдек Бош прокуратурани Нарбековни қўлга олиниши ҳақидаги маълумотни ОАВга тарқатиб юборганликда айбламоқда.

У буни унинг ҳимояси остидаги шахсга нисбатан «информацион тазйиқ» деб номлади ва Нарбековни ҳозир «жуда оғир аҳволда» деб айтди.

«Ушбу маълумотни ОАВга тарқатган Бош прокуратуранининг айби билан менинг ҳимоям остидаги шахс юрак оғриғи туфайли касалхонада ётибди», - деди Токматов.

Муаллиф:Эльмурат Аширалиев