Атамбаевнинг собиқ тансоқчисига жиноий иш қўзғалди

555
Алмазбек Атамбаев президент бўлган вақтда халқаро сафарларидан бирида. Дамир Мусакеев Раиса ва Алмазбек Атамбаевга соябон ушлаб турган пайт. Сурат: Президентнинг матбуот хизмати

КСДПнинг матбуот котиби Қундуз Жолдубаева билдиришича, Миллий хавфсизлик бўйича давлат комитетининг (МХДК) 9-бошқармасининг собиқ раҳбари Дамир Мусакеевга комитет ходимлари учун квартираларни бўлиштириш бўйича жиноий иш қўзғалди. У Мусакеевга қарши ишни «сиёсий» деб атаб, бу учун ҳеч қандай асос йўқлигини билдирди.

Жолдубаева билдирганидек, 7-февраль куни Биринчи май район суди Дамир Мусакеевга ҳеч қаерга кетмаслик қарорини чиқарган. Бунга қадар Мусакеев меҳнат таътилида юрган собиқ президент Алмазбек Атамбаев билан бирга БААга бориб келган.

«У МХДКнинг тўққизинчи хизматини бошқарган вақтда хизмат вазифасини суистеъмол қилган деб ҳеч бир асоссиз айбланмоқда», — деб ёзган Жолдубаева.

Унинг айтишича, жиноий иш Мусакеев МХДКнинг 9-бошқармасининг раҳбари бўлган вақтдаги давлат назорати хизматининг ходимлари орасида хизмат турар-жойини бўлиштириш билан боғлиқ.

«Таъкидлаб ўтиш керакки, битта ҳам хизмат квартираси хусусийлаштирилмаган. Демак, давлатга ҳеч қандай моддий зарар етмаган», — деб тасдиқлади Жолдубаева.

Жолдубаеванинг айтишича, Мусакеевга жиноий ишни қўзғашда «сиёсий важлари» бор.

«Барчаси тушунарли, собиқ президентни сотмай, Форумдан кетмай Алмазбек Атамбаевнинг ёнида  қолган одамларнинг барчасини “йўқ қилиш ” буюртмаси амалга оширилмоқда», — деб билдирган КСДПнинг матбуот котиби

Дамир Мусакеевнинг лавозимдан олиниши

Президент Сооронбай Жээнбеков Мусакеевни МХДК 9-бошқармасининг раҳбари лавозимидан ўтган йилнинг апрелида бўшатган. Истеъфога расман «берилган аризага кўра [...] бўшатилган» деган маънода изоҳ берилган.

Мусакеевнинг хизматдан олиниши Қирғизистоннинг собиқ ва ҳозирги президентларининг ўртасидаги жанжал ортидан бўлди.

2018 йилнинг март ойида бўлган КСДПнинг қурултойидан сўнг Атамбаев Жээнбековни Хавфсизлик кенгашида айтган сўзлари учун қаттиқ танқид қилган, унда ҳозирги президент куч органларини коррупция билан «самарасиз» курашиш учун айблаган.

Дамир Мусакеев — Атамбаевнинг собиқ тансоқчиси ва унинг бош тарафдорларидан бири. У ўтган йилнинг март ойида ўтган КСДП қурултойининг тингловчилари орасида кузатилган. «24.kg» нашрининг ёзиши бўйича, МХДКнинг 9-хизматининг раҳбари қурултойда пайдо бўлгани у сиёсатдан ташқари бўлиши кераклиги учун жамоатчиликда савол туғдирган.

Атамбаев ва Жээнбеков ўртасидаги келишмовчилик

Икки сиёсатчи ўртасидаги жанжалнинг ортидан Қирғизистонда олий давлат хизматларида ишлаган амалдорларнинг алмашуви юз берган. Амалдорларнинг аксарияти Атамбаевнинг тарафдорлари бўлган, шу сабабдан уларнинг ишдан бўшатилишини аввалги икки сафдошнинг жанжали билан боғлашган.

Масалан, Жээнбеков МҲДКнинг етакчиси Абдил Сегизбаевни ҳамда бош прокурор Индира Жолдубаевани лавозимдан олган. Май ойида эса Атамбаевнинг энг нуфузли тарафдорларидан бири — Сапар Исақов — премьер-министрлик хизматидан бўшатилган.

Бу лавозимлардан қулашлардан кейин келишмовчилик Алмазбек Атамбаевнинг тарафдорларига нисбатан жиноят ишларини қўзғаш билан куч олиб, порахўрлик моддалари бўйича собиқ ҳукумат раҳбари Сапар Исақов, божхона хизматининг собиқ раиси Қубаничбек Қулматов, Бишкекнинг собиқ мери Албек Ибраимов ҳамда собиқ президентнинг бошқа сафдошлари қамоққа олинган.

Атамбаев уларнинг қамалишини «овлаш» деб атаган. Президент Жээнбеков эса парламентда коррупцияга қарши кураш баҳонасида сиёсий рақибларидан ўч олмаслигини ваъда қилган.