Ўш мэриясининг бозор ўрнига аллея қуриш режаси 200га яқин савдогарни ишсиз қолдириши мумкин

634
Сурат: Адилет Абдирасул уулу / Kloop.kg

Ўш шаҳри ҳукумати шаҳар ғарбидаги бозорни буздириб, унинг ўрнига гулзорли аллея қуришга қарор қилди. Бунинг учун амалдорлар маҳаллий бюджетдан 30 млн сом ажратишни режалаштиришмоқда. Савдогарлар хордиқ олинувчи жойнинг қурилишини вақтинча тўхтатиб туришни сўрашмоқда — уларнинг аксариятининг кредити бор.

Ғарбий бозор Ўш шаҳрининг Кулатов кичик районида жойлашган. Бозор маҳаллийлар томонидан Союз қулагандан кейиноқ қурилган. Ҳозирда унда 200га яқин киши ишлайди — фақатгина яқин район яшовчилари эмас, Баткен ва Ўш вилоятидан келганлар ҳам бор. Улар маҳаллийларга озиқ –овқат ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотишади.

Савдогарларнинг айтишича, уларнинг кўпчилиги савдосини юргизиш учун кредит олишган — бозор ёпилиб қолса улар банкдаги кредитларини қандай тўлашларини тасаввур қилишолмай туришибди.

Сагинбүбү Кадирбаева Ғарбий бозорда 15 йилдан бери меҳнат қилиб, шу иш билангина оиласини таъминлаб келади.

«2000 йили шу дўконни қурган эдим. Бунинг учун турли банклардан тўрт кредит олганман. Болаларим кредитдан қутилсин деб савдо қилиб ўтираман. 66га чиқдим, далага бориб ишлаб кела олмайман, соғлиғим яхши эмас», — дейди у.

Бозор қурилгандан бери ишлаяпман деган Айтолкун Адилбекова ҳам ёлғиз даромад манбаидан ажраб қоламан деб хавотирланмоқда. Унинг тушунтиришича, савдогарлар Ғарбий бозорга кўниб қолганлигидан бошқа ерга боришдан қўрқишмоқда. Чунки янги жойда савдо қанчалик омадли бўлиши номаълум.

«Кредит, ипотекаси борлар нима қилади, ижрада яшаганларчи? Биз ҳам давлат фуқароларимиз, бизнинг дардимизни ким эшитади? », — деб савол солади Адилбекова.

Бозорнинг ўрни кўкаламзорлаштирилади

Ўш мэриясининг матбуот котиби Азамат Абсаттаров шаҳар ҳукумати Ғарбий бозор ўрнига гулзор қилишни кўп йилдан бери режалаштириб келганини айтади. Унинг айтишича, маҳаллийлар парк ёки гулзор қуриб бериш илтимоси билан мэрияга бир неча бор мурожаат қилишган. Чунки мазкур ҳудудда дам олиш жойи йўқ.

Шаҳарсозлик ҳамда архитектура бўйича Ўш шаҳридаги бошқарманинг раҳбари Ажимурат Жолдошов бозар жойлашган ер кўкаламзорлаштиришга ажратилган ер бўлганини тасдиқлади.

Унинг тушунтиришича, савдогарларнинг мэрия билан тузган битими бўлган, шаҳар ҳокимиятига керак бўлган ҳолатда ҳудуд бўшатиб берилиши керак.

Ўш ёш тадбиркорлар ассоциациясининг ижрочи директори Бектурсун Такелеев мэрия савдогарларга харидоргир ердан жой топиб бериши керак деб ҳисоблайди.

«Бу ҳудудда бозорга эҳтиёж бўлгани учун халқ савдо қилиб, солиқ тўкиб, ўрнашиб қолганда. Агар бозорни йўқ қилиб, ўрнига аллея қурамиз дейишса, у ҳода савдогарларга харидорлар борадиган бошқа ердан иш ўрни топиб бериши керак», — дейди у.

Мэриядан билдиришларича, савдогарларни бошқа жой билан таъминлаш масаласи «кўриб чиқилмоқда» — аммо Ғарбий бозорни янги ҳудудга кўчириш ишлари олиб борилмайди.

Сайлгоҳнинг қурилиши шаҳар кенгаши депутатлари бюджетдан маблағ бўлиб берганда бошланади. Унга қадар, бозоргача бўлган йўлда жойлашган дўконларни сурдириш ишлари олиб борилади, шундан кейингина Ғарбий бозор сурдирилади — мэриянинг ҳисобига кўра бу ишлар 2 ойга чўзилади.

Ҳозирча шаҳар ҳукумати савдогарлар орасида тушунтириш ишларини олиб боришни режаламоқда.