Рассом Атамбаевнинг собиқ маслаҳатчисининг устидан МХДКга шикоят қилди

45
Жаналиев муаллифлигидаги Алмазбек Атамбаевнинг портрети. Сурат: 24.kg

String art стилида ижод қилувчи қирғиз рассоми Азамат Жаналиев экс-президент Алмазбек Атамбаевнинг собиқ маслаҳатчиси Икрамжан Илмияновнинг устидан Миллий хавфсизлик бўйича давлат комитетига (МХДК) ариза берди. Рассомнинг айтишича, Илмиянов ундан собиқ президентнинг портретини сотиб олиб, пулини тўламаган.

Жаналиев ўз аризасида Илмиянов ундан портретни 2017-йили 10 минг долларга сотиб олганини, лекин фақатгина 2500 долларгина тўлаганини ёзган. Рассом ўз пулининг ярим йил ўтса ҳам ололмаётганини айтмоқда.

Бундан ташқари, Жаналиевнинг айтишича, Илмиянов унга яна уч портрет учун пул қарз.

У айни 2017-йили Атамбаевнинг собиқ маслаҳатчиси унинг расмларини Дубайнинг Арабистон ҳукмрон династиясининг аъзоси шаҳзода ХАмдамга сотиб юборганини таъкидламоқда. Рассом бу портретнинг ҳар бирини 15 минг доллардан баҳолаган, лекин Илмиянов бунга ўшандан бери тўлаб бермаган.

Рассом зарарнинг умумий миқдорини 52 минг доллар деб баҳолаган.

МХДКнинг матбуот котиби Рахат Сулайманов Жаналиев чиндан ҳам ариза берганини ва махсус хизмат уни кўриб чиқишини «Азаттык» радиосининг журналистига айтган.

КСДП портретдан воз кечади

Атамбаев бошқараётган Қирғизистон Социал-демократлар партиясидан (КСДП) рассом портретни Илмияновга 2500 минг долларга сотганини билдиришди.

«Бунга шоҳидлар бор. Азамат Жаналиев энди олган 2500 долларини қайтариб берсин, портрет муаллифга ўша вақтдаёқ қайтариб берилади. Бундан ташқари, унга шунга ўхшаш, аввал “пулга совға” қатори берилган иккинчи портретни ҳам қўшиб қайтарилади"», — деб билдирган КСДПнинг расмий вакили Кундуз Жолдубаева.

У Жаналиев бошида Атамбаевнинг портретини Илмияновга совға қилганини, лекин кейинчалик «совғасини» сотиб олишни «қайта-кайта илтимос қилиб» безор қилганини қўшимча қилган. Жолдубаеванинг айтишича, Жаналиев билан Илмияновнинг ўртасида портретни сотиб олиш шартлари ҳақида оғзаки ёки ёзма ҳеч қандай келишув бўлмаганини ва рассом тўлаб берилган 2 минг 500 долларга рози бўлган.

Жолдубаева рассомни «ёлғон маълумот учун» жиноий жавобгарлик билан қўрқитти. Унинг айтишича, Илмиянов суратларни шаҳзода Хамдамга берган, ёки сотган эмас, фақатгина улар ҳақида Қирғизистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихона хоимларига маълум қилган.

Азамат Жаналиев (ўртада) 2017-йили Монголиянинг президенти Халтмаагийн Баттулгага унинг портретини совға қилмоқда.

Жаналиев: КСДП ёлғон айтмоқда

Жаналиев Жолдубаеванинг айтганларини «ёлғон» деб атади. Унинг айтишича, Илмиянов ундан Атамбаевнинг портретини сўраб олиб, кейинчалик бошқа портретларни шаҳзода Хамдамга бекорга бериб юборган.

«Нимага Дубайдаги суратларимни Илмиянов И.С. бериб юборади? Нима ҳаққи бор? Ё нима у шаҳзоданинг вакилими? Қани адолат?! Мен нима осмондан тушган пулни сўраяпманми? Мен пешона терим билан топган пулимни сўраяпман! Беринглар одамларни бошини айлантирмай!», — деб ёзган суратчи.

Азамат Жаналиев ким ўзи?

Азамат Жаналиев — string art  усулида ишловчи қирғиз рассоми. Бу тахтага қоқилган михларга ипларни боғлаш ёрдами билан портрет яратиш усули. Жаналиевни меҳнатларининг орасида Россиянинг, Қозоғистоннинг, Монголиянинг ва Туркия президентларининг портретлари бор.

Азамат Жаналиевнинг муаллифлигидаги Россия президенти Владимир Путиннинг ёшлиги туширилган портрет.

Бундан ташқари, Жаналиев 2018-йили апрелда Ала-Тоо майдонидаги Қирғизистон байроғини қаттиқ шамол учириб кетганда у ўзининг кичкинагина байроғи билан тун бўйи ёмғир остида тургани билан ҳам танилган.

Шунинг учун ижтимоий тармоқларнинг аксарият фойдаланувчилари уни қаҳрамон деб атаб, ҳукуматдан унга «Манас» орденини беришни илтимос қилишган. Бу воқеадан кейин депутат Жиргалбек Турускулов рассомни совғалар билан сийлаган, Бишкек шаҳар кенгашидан эса Жаналиев миннатдорлик мактубини олган.