«Яланғоч қилиб ечинтириб, видеога оламиз». 17 ёшли қиз қандай қилиб айрилиқ доғи ва ҳақоратга учради?

670
Жабрланган Шохсана (ўнгда) онаси билан. Сурат: Нуртаза Абдиев/Kloop.kg

Бир ҳафта ичида 17 ёшдаги Шохсана дастлаб ҳақоратланиб, сўнг дўстидан айрилиб, айрилиқ азобини чекди. Бунинг бари қишлоқдаги йигитларнинг қизга ким билан гаплашиб, гаплашмаслигини кўрсатиб қўйгиси келганлиги ортидан бошланди. «Клооп» Шохсананинг ўзи ва у яшайдиган Ўш вилоятининг Бўстон қишлоғида юз берган воқеа тўғрисида баён қилади.

Шохсана Анварова 17 ёшда (қизнинг исм-шарифи оиласининг илтимоси билан ўзгартирилди). У Ўш шаҳридаги кичкинагина Бўстон қишлоғида яшайди. Ўшгача бу ердан тахминан 35 чақирим йўл юриш керак.

Қизнинг ҳаёти 27-мартда ўзгарилиб кетди. Шу куни у бозорга кетишга тайёрланаётганда қўшни Гүлистан қишлоғидаги таниши Мухаммад уни олиб бориб қўйишни таклиф қилади. Йўлда кетишаётганда уларга маҳаллий йигитлар, Шохсананинг ҳамқишлоқлари учраб, Мухаммаддан нимага у қиз билан гаплашиб, нима учун Бўстонга келганини сўрай бошлашади.

Шохсана ва Мухаммаднинг жавобидан қониқмаган бир гуруҳ йигитлар уларни мажбурлаб, икки бошқа-бошқа машинага ўтказади. Қизнинг оёғини ип билан боғлаб, болани эса калтаклаб кетишган. Улар Шохсанани оёғи боғланган ҳолда бутун қишлоқ бўйлаб судраймиз деб қўрқитишади.

«Мен қийқириб, ёрдам сўрадим. Шу вақтда улар менинг танишим Мухаммадни ҳам уришди», — дейди у.

Шохсана ва Мухаммадга ҳужум қилинган жой. Сурат: Нуртаза Абдиев/Kloop.kg

Ярим соатдан сўнг йигитлар 17 ёшдаги қизни уйига олиб боришган. Улар агарда Шохсана бўлган воқеани милицияга айтадиган бўлса, унда «уни яланғоч қилиб, электр ёғочига бойлаганча видеога олишни», ундан кейин видеони YouTubeга юклашини айтиб таҳдид қилишган.

Бу воқеа ҳақида Шохсана ҳеч кимга айтмай, икки кун уйда йиғлаб ётган. Шохсана бот-бот унинг Мухаммад билан ҳеч қандай ишқий муносабати йўқлигини такрорлаб, у билан бир-икки мартагина телефон орқали гаплашганини айтди.

«Бундан кейин қандай яшашни билмаяпман. Қишлоқдагилар мени ёмон қиз деб, ёш болалар қўли билан кўрсатиб, уят сўзларни айтишмоқда. Ўзим қиз бола бўлсам, кейин қандай қилиб турмушга чиқаман? Бундай воқеадан сўнг ким мени хотинликка олади?» — деган у кўз ёшлари тўкилиб.

Қизни дўстининг ўлими

Мазкур воқаедан бир неча кун ўтиб Шохсанага 31 ёшдаги таниши, Ахмадулло Абдиқодиров, қўнғироқ қилиб, йигитлар уни уриб, урмаганлигини сўрайди. Шохсана «йўқ» деб жавоб бергандан сўнг Ахмадулло у билан гаплашиб олиши кераклигини айтиб, уйдан чиқишини сўрайди.

Қиз чиқиши билан унинг уйи олдига йигитлар тўпланиб, Шохсанадан «телефонда ким билан гаплашдинг?» деб сўрашади. Ахмадулло гапга аралаша бошлаганда, йигитлардан бири унинг бошига тош билан уриб, қолганлари уни уриб, тепкилашади.

«Ахмадулло ака уларга яқин келиб, йигитларни исмини айта бошлаганда, биров келиб унинг бошига тош билан урди. Мен қўрқиб кетдим, қийқириб юбордим. Кутилмаганда менинг юзимга кимдир бир урди. Мен қочиб кетдим», — дейди Шохсана.

У бир ҳафтадан сўнг Ахмадулло олган жароҳатлари туфайли касалхонада вафот этганини эшитади. Марҳумнинг укаси Азамжоннинг айтишича, рентгеннинг натижаси бош суягининг уч еридан синган, пешона суяги майдаланиб синиб кетганини кўрсатган.

«Касалхонага боргандан кейиноқ ҳушини йўқота бошлади. Шу бўйи ўзига келмасдан бир ҳафтача ётди, 5-апрель куни вафот этди. Ким урганини, нима сабабдан у ерга борганини билмай қолавердик. Олиб келган йигитларнинг ҳаммасини танийман. Аммо, уларни “у эди”, “бу эди” деб айта олмайман. Ким урганини, нима бўлганини билмасам, бировга қандай қилиб даъво қиламан? Милиция ўз ишини қилиб бўлгандан сўнг бари маълум бўлади», — дейди Азимжон.

Ахмадуллонинг ортидан аёли ва уч қизи қолди.

Унинг ўлимидан сўнг қишлоқда Шохсанани Ахмадулло билан ишқий муносабати бўлган деган миш-миш тарқади. Марҳумнинг опаси ва рафиқаси Ахмадуллонинг ўлимида қизни айблашган.

«Эртаси куни уни қаттиқ калтаклангани, сўнг ўлганини эшитиб йиғладим, яхши одам эди. Менга ёрдам бериб, маслаҳат берарди. Агар тирик бўлганида мени элга шарманда қилмай, оддийгина ака-сингил муносабатида бўлганимизни исботларди», — деб йиғламоқда у.

Бўстон қишлоғига кетган йўл. Сурат: Нуртаза Абдиев/Kloop.kg

YouTubeдаги видео ва текширув

Бундан бир ҳафта ўтмасдан Шохсанага ҳужум қилингани акс этган видео интернетда тарқалди. Кимдир юклаган видеодан йигитлар қизни уриб, машинадан судраётгани кўриш мумкин.

Видео ижтимоий тармоқда қизғин муҳокама қилинди— фойдаланувчилар чорасиз йигит ва қизнинг калтакланаётганига норозилигини билдирди. Воқеа маҳаллий милициянинг эътиборини тортиб, натижада текширув бошланди.

Ўш вилоят милициясидан маълум бўлишича, Шохсанага ҳужум қилган, Ахмадуллони калтаклаган йигитлар— ҳаммаси бир.

«Ҳозирда калтакланган томон [бўйдоқ йигит ва қиз] ва вафот этган йигитнинг ўртасидаги алоқа аниқланмоқда. Марҳум калтакланган қиз ва йигитнинг воқеасини суриштиргани келгани таҳмин қилинмоқда», — дейди Ўш вилоят милициясининг матбуот котиби Женишбек Аширбаев.

У қўшимча қилганидай, бўлиб ўтган воқеага ўз вақтида эътибор қаратилмагани учун хизмат текшируви юргизилган. Натижада, Новқат район ички ишлар бўлимининг бошчиси 11-апрелда хизматидан четлатилган.

Милиция мазкур воқеа асосида «Безорилик» ва «Танага оғир жароҳат етказиш орқали ўлимга олиб келиш» моддасининг асосида жиноий иш қўзғади.

Жами 15 киши қўлга олинди— уларнинг ёши 20дан 26гача. Улардан учтаси уй қамоғига олинган, яна икки нафари қидирилмоқда.

Шохсананинг айтишича, унинг уйига қўлга олинган йигитларнинг ота-онаси ва қариндошлари кечирим сўраб келишмоқда.

Натижада Шохсана уларга қарши милицияга ариза ёзган.

Ҳаммуаллиф: Алина Каликова