Жээнбековнинг укаси Мискенбаевнинг танқидидан сўнг депутатлик мандатини топширишдан бош тортди

156
Парламент депутати Асилбек Жээнбеков

Жогорку Кенеш депутати ва президентнинг укаси Асилбек Жээнбеков унинг собиқ фракциядош ҳамкасби Мээрбек Мискенбаев талаб қилгани каби ўзининг парламентдаги депутатлик мандатидан бош тортмайди.

Асилбек Жээнбеков КСДПнинг парламентдаги навбатдан ташқари мажлисидан  сўнг мандатини топширмаслигини билдирди. Президентнинг укаси айтишича, у Мискенбаевни «провакатор» ва «ҳурматга нолойиқ» деб атади.

«Биз ҳеч қачон Бакиевнинг ёки Акаевнинг йўлидан бормаймиз. Биз акамизнинг ваколатлари ва давлат ишларига аралашмаймиз. […] Мени депутатлик мандатидан биргина халқ ажратади», — деди Жээнбеков.

Асилбек Жээнбеков — 2017-йилнинг октябридаги сайловдан сўнг президентликка сайланган Сооронбай Жээнбековнинг укаси.

Мискенбаев — Жогорку Кенешнинг собиқ депутати ва собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг тарафдори. У 17-мартдаги митингда Жээнбековнинг укасидан депутатлик мандатини топширишни талаб қилган.

Собиқ депутатнинг айтишича, Сооронбай Жээнбеков агарда президент бўлиб  қолса унинг укаси парламентдаги хизматидан кетишини ваъда қилган.

Бироқ Асилбек Жээнбеков мандатни топшириш ҳақида сўз бўлмаганини ва «бўлиши ҳам мумкин эмаслигини» айтмоқда.

Мискенбаевнинг  баёноти аввалги президентлар Ақаев ва Бакиевлар билан бўлганидек Жээнбековлар томонидан кланлар  ёки оилавий  бошқарув юзага келиш эҳтимолидан хавфсираш билан боғлиқ.

«Президент Сооронбай Жээнбековни оилавий -кланлар, авторитар бошқарувни ўз ўрнига келтиришни истаганларга бўйсунмасликка чақирамиз. "Қариндош-уруғ", "ака-ука" деганни тўхтатиш керак, ҳурматли дўстлар. Қонун барчамизга бирдай», — деб билдирган у.

Шунингдек Мискенбаев ўзи депутатлик хизматига 2015-йилдан бошлаб 2016-йилнинг октябригача фаолият олиб борган. У ўз мандатини Кара-Кече кўмир конига тегишли низолар вақтида топширган. Бундан ташқари, Мискенбаев «Айкол Ала-Тоо» жамаот уюшмасига раҳбарлик қилади, унга 2010-йилнинг 7-апрелида ҳукумат алмашувини вақтида вафот этганларнинг яқинлари киради.