Қозоғистонда Қирғизистондан чиққан болалар кийимида заҳарли моддалар топилган

750

Қозоғистон ОАВ хабар қилишича, Қарағандада Қирғизистонда ишлаб чиқилган болалар кийимларида заҳарли моддалар топилган. Қирғизистоннинг енгил саноат ассоциациясининг етакчиси қирғиз маҳсулотларининг «обрўсини тушириш» учун заҳарли кийимлардаги белги  сохталаштирилган бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.  

Қирғизистон енгил саноат ассоциациясининг президенти Сапар Асанов билдиришича, заҳарли моддалари бўлган буюмларнинг ташқарига чиқарилиши Қирғизистоннинг тикиш тармоғининг обрўсини тушириш мақсадида «махсус уюштирилган» бўлиши ҳам мумкин.

«Ёш болаларнинг кийимини чиқариш бизда қаттиқ назоратга олинади. Кийим-кечак ўлкадан ташқраига сертификатсиз чиқарилмайди. Бизга ҳам "Қирғизистонда тайёрланган" деган белги билан Хитойдан кўпгина кийим-кечак келади. Қозоғистон, Россия билан 20 йилдан ортиқ вақтдан бери ҳамкорлик қилиб келамиз. Бу орада бизнинг товарларга нисбатан бирорта ҳам шикоят келмаган. Менинг фикримча кимдир бизнинг обрўйимизга шубҳа туғдириш учун буни махсус қилди», — деб билдирган у «Спутник» нашрига.

Айни вақтда Асанов кийимлар Қирғизистоннинг ҳудудида яширин цехларда ҳам тикилган бўлиши мумкинлигини инкор қилмади. Бу эҳтимолни қозоқ томони ҳам инкор қилмади.

«Биз кийимлар Қирғизистоннинг йирик фабрикаларида тикилган деб айта олмаймиз. Тўғри, унда "Қирғизистонда ишлаб чиқарилган" деган белги бор, лекин, улар яширин жойларда тикилган бўлиши ҳам эҳтимол. Шу сабабдан биз шошилинч хулоса чиқара олмаймиз», — деди Қарағанда вилоятининг жамоат соғлиғини сақлаш департаментининг етакчиси Юрий Залигин

Давлат санитария-эпидемиология назорат департаменти ҳозирча кийим Қирғизистонда тикилган деб аниқ айтиш мумкин эмас деб ҳисоблайди. Муассаса агарда маълумот тасдиқланса «мазкур ишни қаттиқ назоратга» олишни ваъда қилди.

Соғлиқни сақлаш министри ҳам агарда заҳарли моддалари бўлган кийимлар Қирғизистонда ишлаб чиқарилгани исботланса масалани ўз қўлига олишни ваъда қилмоқда.

«Мен бу Қирғизистонники экани бўйича расмий талаб олишим билан аниқ чораларни кўраман. Мен буни шунчаки қолдирмайман. Албатта, агар бу исботланса, мен хизмат текширувини ўказиб, ишни прокуратруага ўтказиб бераман. Қирғизистонни айблаш бўлиб қолмаслиги учун расмий талаб бўлиши керак», — деди Талантбек Батиралиев.

Таркибида формальдегид ҳамда «Қирғизистонда ишлаб чиқарилган» дейилган белгиси бўлган болалар кийимлари Қарағандада топилган. Заҳарли маҳсулот сотувчилардан олиниб, сотганларга 2 млн тенге миқдорида жарима солинган.