Қоракўлда икки ёшли чақалоқ вафот этди — онаси болалар боғчасини айбламоқда

91

Икки ёшли бола Қоракўлдаги №14 болалар боғчасидан касалхонага етказилиб, бир суткадан сўнг жонлантириш бўлимида вафот этган. Онаси боласининг соғлиги яхши бўлганини айтмоқда. Тарбиячилар бола зотилжам билан оғриган деб ҳисоблашади.

Боланинг онаси Наргиза Абдикадирова «Турмуш» нашрига билдиришича, болани отаси боғчага етгазгандан сўнг икки соатдан ўтиб касалхонага олиб боришган.

«Эрим иккаламиз беш дақиқага етмай касалхонанинг қабулхонасига борсак, болам кўкимтир, тирноқлари ҳам кўкимтир, оғзи ҳам кўкимтир, анча аввал тилини тишлаб олибди [...] Ўша ердан шифокорлар юраги тўхтаб қолибди дея бошлашди. Реанимациядан шифокорлар юрагини ишлатиб олдик деб суюниб чиқишди», — деб айтиб берган боланинг онаси.

Абдикадированинг айтишича, унинг боласи жонлантириш бўлимида 29 соатдан сўнг вафот этган. У тарбиячиларни болани қаровсиз қолдирганликда айбламоқда — боланинг онаси айтишича, болани боғчага «жуда яхши аҳволда»  етказишган ва у  «соғлом бўлган».

Болалар боғчасининг раҳбари Аида Аракеева бола пневмония билан оғриган ва касаллиги туфайли боғчага кўпинча келмас эди деб таъкидлади.

Иссиқкўл ОИИБнинг матбуот котиби Сталбек Усубакунов «Клооп»нинг мухбирига билдиришича, 12-февралда Иссиқкўл вилоят касалхонасида вафот этган боланинг мурдасини экспертизага жўнатишган.

«Шифокорларнинг версияси бўйича, бола пневмония туфайли вафот этган. Биз расмий хулосани кутяпмиз. Ҳозирча жиноий иш қўзғалган эмас», — деди Усубакунов.

Қоракўл мэриясининг ижтимоий ҳимоя бўлимидан ҳозирда боланинг ўлим факти бўйича тергов юргизилаётганини «Клооп»нинг мухбирига хабар беришди.

«Суд-тиббий экспертиза тайинланди. Ҳозирда тергов сессиялари юрмоқда, унинг натижаси бўйича ўлимнинг сабаблари аниқланади», — деб билдиришди ижтимоий ҳимоя бўлимидан.

«Клооп»нинг журналистлари болалар боғчасининг маъмурияти билан алоқага чиқа олмаган — раҳбар Аида Аракеева «иш жойида бўлмаган». Бироқ Аракеева «Азаттык» радиосига берган интервьюсида бола одатдагидек «назоратда бўлганини» билдирган.