Қирғизистон йўлларига камераларни «Хуавей» ўрнатадиган бўлди

157

Премьер-министр Сапар Исақов «Ақлли шаҳар» лойиҳасини амалга ошириш учун Хитойнинг «Хуавей» компанияси билан шартнома имзолади. Ҳукумат 2011 йилдан бошлаб йўллардаги қоида бузарликларни қайд қилиш учун камера ўрнатишга ваъда берган, бироқ видео камералар фақат Бишкекнинг бир неча йирик чорраҳаларига ўрнатилган.

Ҳукуматнинг матбуот хизмати хабар беришича, Исақов «Хуавей» компаниясининг вакиллари билан 11 январь куни шартнома имзолаган. «Ақлли шаҳар» лойиҳасига киритилган инвестициялар 60 млн долларни ташкил этади.

Исақовнинг сўзларига кўра, камерани ўрнатишга сарфланадиган пул жарималар ҳисобидан компанияга тўлаб берилади.

«Икки шаҳардаги 70 та чорраҳада камералар ўрнатилгач, ҳукумат тушган маблағнинг ҳисобидан сармоя киритган компанияга беш йил мобайнида пулни тўлайди. Биз, албатта, бундан олдин уларни синовдан ўтказамиз, аммо кафолат муддатини  белгилаб олдик. Таъкидлаш жоизки, йиғилган жарималардан олинган маблағ фақат Қирғизистон томонидан бошқарилади», — деди Исақов имзолаш маросимида.

Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, «Ақлли шаҳар» лойиҳаси мамлакат бўйлаб бир ярим йил давомида тўлиқ амалга оширилади. Исақов Бишкек, Ўш ва Чолпон-Отада камералар 2018-йилнинг баҳорида ўрнатилишини бир неча бор айтиб ўтган.

Фото ва видео назорат камералари йўллардаги  қоида бузарликларни қайдга олади.  «Ақлли шаҳар» лойиҳаси ҳукуматнинг «Таза коом» дастурининг бир қисмига киради.

Қирғизистон Молия полицияси 2015-йили «Хуавей»ни Хитойнинг Эркештам шаҳридан Ўшгача тўлқинли-оптика алоқа линияларининг қурилиш нархини оширганликда айбласа ҳам ҳукумат компания билан келишимга қўл қўйди.

Шу боисдан, Молия полицияси компаниянинг барча ҳисобларини ва мулкларини ҳибсга олган. «Хуавей»нинг Қирғизистондаги етакчилигига нисбатан сиртдан ҳибсга олиш эҳтиёт чораси чиқарилган.

Сапар Исақов 2017-йилнинг декабрь ойида ўзининг матбуот анжуманида бу компанияни «кучли» деб атаган, чунки у «Ақлли Дубай» лойиҳасини ишга оширган.

Huawei — Хитойнинг телекоммуникациялар тармоғидаги йирик ширкатлардан бири ҳисобланади. Компанияда «Ақлли шаҳар» деб аталувчи шаҳарларни бошқариш тизими ишлаб чиқилган.

Йўл хавфсизлиги

Бир неча бор фожеага сабаб бўлган йўл ҳалокатлари такрорлангандан сўнг йўл хавфсизлиги бўйича масалалар энг юқори даражага кўтарилди.

Энг шов-шувли йўл ҳалокатларидан бири 7 октябрь куни Талас вилоятига йўл олган вице-премьер-министр Темир Жумақадировнинг ўлими бўлган. Жумақадировнинг машинаси билан КаМАЗнинг тўқнашиши оқибатида вице-премьер-министрнинг ўзи, ҳайдовчиси ва ёрдамчиси вафот этган.

Йўл хавфсизлигини таъминлашни премьер-министр Сапар Исақов, парламентнинг депутатлари ва собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам талаб қилишган.

Бироқ ҳозирда ҳукумат амалга оширган ягона чора— бу мактаб ва болалар боғчалари ёнига қўйилган ётиқ полицияси ва белгиларнинг қўйилиши бўлган.

Ҳукумат 2011 йилдан буён «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси бўйича Бишкекдаги йўлларга ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш учун камералар ўрнатишни ваъда қилмоқдалар. Шу билан бирга, ўша вақтдан бери Бишкек кираверишидаги шаҳарларнинг чорраҳа йўлларига бир неча камералар ўрнатилди.

Ҳукумат иккита тендер ўтказди — биринчи танлов қонунбузарликлар билан ўтган, иккинчи бўлса,тендер туфайли ҳукумат ҳали ҳам танловда ғалаба қозонган «Стилсофт Бишкек» компанияси билан судлашиб келмоқда. Лойиҳа 60 млн долларга баҳоланган.