Бола туғилгани учун суюнчи пули январь ойининг охиридан берила бошлайди

3410

Меҳнат ва ижтимоий ривожлантириш министрлигидан бола туғилгани учун бир марта берилувчи суюнчи пулини тўлаш  тартиби тушунтирилди.  Январь ичи талабнома топширганларга пулни ойнинг охиридагина бера бошлашади.

Министрликнинг матбуот котиби Қимбат Қадиралиева «Клооп»га берган интервьюсида   туғилганлик учун суюнчи пули расмий мурожаатдан кейин 10 кун ичида ажратилишини билдирди.

«Одамлар бугун бола туғилса, эртасигаёқ пулни олса бўлар экан деб ўйлашяпти, бироқ бундай эмас. Суюнчи пули ўн кун ичида берилиб, сўнгра такрорий мурожаатнинг олдини олиш мақсадида умумий маълумот базасига киритилади. Маблағ билан таъминлаш ойнинг охирида бошланади. Унга вақт керак», — деди Қадиралиева.

Унинг айтишича, 4 минг сом миқдоридаги суюнчи олишни истаганлар ижтимоий ходимларга болани туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома, яшаган жойидан маълумотнома ва паспорт бериши керак.

«Агарда уч эгиз ёруғ дунёга келса, унда сиз ҳар бирига 4 минг сомдан, умумий 12 минг сом олиш ҳуқуқига эгасиз», — деди у.

Қадиралиева суюнчи пулини йилига фақат бир марта олиш мумкинлигини қўшимча қилди.

«24.kg» нашри хабар қилишича, Жалолободда янги туғилган боланинг отаси ижтимоий ҳимоя ходимлари «янги қонун тўғрисида хабарсиз бўлгани учун, ҳужжатларни қабул қилмай» суюнчи пулини ололмаган.

Ижтимоий ҳимоя хизматининг Жалолободдаги бўлимининг вакили Айнура Асанова ижтимоий тармоқ ходимлари билан у кишининг  ўртасида «тушунмовчилик» бўлганини «Клооп»га билдирди.

Бола туғилгани бўйича суюнчи бериш қонуни 2018-йилнинг 1 январида кучга кирган. Бир марта бериладиган ёрдам пулининг миқдори 4 минг сомни, айрим тоғли ҳудудларда 6 минг сомни ташкил қилади.

Таржима: Даврон Насибхонов