Жээнбековнинг президент сифатидаги илк янги йил табриги

798

Сооронбай Жээнбеков мамлакат президенти хизматини бошлагандан сўнг қирғизистонликларни биринчи бор янги йил билан табриклади.  Янги йил нутқи қисқа бўлди – қирғиз ва рус тили табриги учун бир неча дақиқа кифоя қилди.

Президент ўтиб бораётган 2017 йилни тарихий йил деб атаб, Қирғизистонда иқтисодий ўсиш бўлганини билдирди.

«Ўтиб бораётган 2017-йил тарихий йил бўлди. Бу йили биз иқтисодий ўсишни таъминладик, бир қатор лойиҳаларни ишга оширдик, халқаро миқёсда ўлкамизнинг обрўси кўтарилди. Очиқ-ойдин, кучли рақобат билан ўтган сайлов орқали ўлкамизнинг янги президенти сайланди», — деди Жээнбеков.

Президент шунингдек, «Ҳозир Қирғизистон тараққиётнинг энг муҳим даврига етиб келди. Давлатнинг олдида катта масъулият турибди, ривожланишнинг узоқ муддатга йўналтирилган стратегиясини аниқламоқдамиз», — деб, бир қатор ваъдаларни берган.

Жумладан, қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни янги даражага олиб чиқиш ва ўлкани коррупциядан тубдан тозалашни тилга олиб ўтди.

Муаллиф: Айдай Иргебаева