Асли Ўзбекистонда туғилган Шаҳноза Раҳимқулова 19 йил аввал Қирғизистоннинг Олабуқа районининг Сафед Булон қишлоғига келин бўлиб тушган. Ҳозирда унинг олти фарзанди бор. Лекин шунча вақтдан бери Қирғизистон паспортига етиша олмай юрибди.

Раҳимқулова 2013 йилда Қирғизистон фуқаролигини олиш учун ҳужжатларини Олабуқа районидаги паспорт столига топширган. Бироқ ҳозиргача ҳар йили айрим ҳужжатларини янгилаш учун чақирилиб туришига қарамай, Қирғизистон паспортини ололмаяпти.

«Менга айтилган барча тегишли ҳужжатларни тайёрлаб топширганман. Паспортимни олти ойда келишини айтишган, лекин борсам, маълумотномаларингни (справка) янгила дейишди. Янгиладим. Кейинги сафар яна қайта ҳужжат қилдим. Охиргиси шу йили март ойида ҳужжат янгиладим», — дейди Раҳимқулова.

У тўрт йилдан бери Ўзбекистонга кира олмайди. Чунки қўлида бирор бир паспорт йўқ.

«Паспортларни текшириб милициялар келиб туради. Мен ҳеч қачон улардан қочмаганман. Ҳаммасига айтаман, паспортим йўқ. Қирғизистон паспортини олиш учун ҳужжат топширганман деб айтаман... Ўзбекистонга – ота уйимга боргим келади. Аммо, паспорт йўқ бора олмайман», — дейди у.

Сафед Булон қишлоғи Ўзбекистоннинг Наманган вилояти билан чегарадош

Сафед Булон қишлоғига келин бўлиб тушганлардан яна бири Машҳура Хусанова 2002 йили Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидан келган. Икки фарзанднинг онаси.

«Қирғизистонга икки ойга пропискага ўтамиз. Ҳар икки ойда пропискани янгилаш учун Ўзбекистонга ўтиб келишимиз шарт. Пул томонидан қийналамиз. Ҳар икки ойда 6000-7000 сом сарфлаймиз. Паспортим Ўзбекистонники бўлгани учун пособия ҳам ололмайман. Мумкин эмас сизларга дейишган», — дейди Ҳусанова.

Олабуқа районида яшаётган ўзбекистонлик келинлар ҳозирги вақтда фақатгина Баткен вилоятидаги чегара постидангина ўта олишади. Бунинг учун эса 10 соатдан ортиқ йўл босишга тўғри келади.

Сафед Булондан атиги 50 км бўлган ҳудудга 10 соатга яқин йўл босишга тўғри келди

Акмалжон Умурзақов 2011 йили Ўзбекистон фуқаросига уйланган. Устачилик билан кун кўришини айтган Акмалжон уйланганидан бери йўл муаммосидан қийналиб келишини айтади.

«Авваллари Олабуқа – Косонсой ўтиш пункти очиқ эди. 2010 йилдан кейин у ҳам ёпилиб қолган. Баткен билан айланиб бориб, келади. Топган пулимиз шу йўлга кетиб қоляпти. 3000 сомдан 5000 сомгача маблағ кетади. Агар Косонсойдаги чегара очилса ёки ҳеч бўлмаганда прописка уч ойга қўйилса ҳам муаммойимиз анча енгиллар эди», — дейди у.

Қирғизистонда Ўзбекистондан келин бўлиб тушганларнинг сони 10 мингга яқин экани айтилади.

Олабуқа районининг ҳоким ўринбосари Қалчабу Усенбаева мазкур муаммодан хабардор эканини айтаркан, ўзбекистонлик келинларнинг паспорт олишидаги асосий муаммолардан бири бир томондан уларнинг ҳуқуқий билимсизлигида бўлса, бошқа томондан турли бюрократик тўсиқлар бўлаётганини айтади.

«Қирғизистон фуқаролигини олишни истаган шахсга боғлиқ ҳужжатларни Ўзбекистондан олишда қийинчиликлар бор. Шунинг ортидан паспорт олиш масаласи 1-2 йилга чўзилиб кетади. Ҳужжатлари тўла-тўкис бўлган вақтда эса бир йилга етмай паспорт олиш ҳоллари кўп учрайди. Ҳужжатларни тайёрлашда ҳам паспорт олмоқчи бўлганларнинг ҳуқуқий билимсизлиги уларнинг ишларини қийинлаштирмоқда. Баъзида ўзимиз ҳам, қийнамай шуни осонгина бериб қўйсак бўлмасмикин деймиз. Лекин, қонун қонунда. Ундан чиқа олмаймиз», — дейди район ҳокимининг ўринбосари.

Шу йилнинг июль ойи сўнгида ktrk.kg сайти Қирғизистондаги минглаган фуқаролик паспортини олмаган ўзбекистонлик келинлар ўлкадан депортация қилиниши мумкин экани ҳақидаги хабарни эълон қилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи ортидан эса ўлкадаги ўзбекистонлик келинларда ва айни пайтда Ўзбекистонда оила қурган қирғизистонлик келинларда яшаётган ўлкасининг фуқаролигини олиш, прописка ёки чегаралардаги муаммоларнинг бартараф этилиши борасида умид пайдо бўлди.

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here