Милиция Жалолобод мэрига давлат рақамисиз автомобил бошқаргани учун жарима солди

552

Жалолобод мэрининг вазифасини бажарувчи Турдали Темирбаев ортки давлат рақамисиз юрганлиги сабабли милиция унинг ортидан қува бошлаган. Жарима майдончасига жўнатилган ўз автомобилини қайтариб олиш учун Темирбаев 520 сом жарима тўлади.

Темирбаев орт рақами бўлмаган «Ниссан» автомобилида харакатланган, шу сабабдан рейд ўтказаётган патруль милициясининг ходимлари уни тўхтатиб ҳужжатини текширмоқчи бўлишган.

Бироқ Темирбаев йўл нозирининг талабига бўйсунмагани боис милиция ходимлари унинг ортидан қува бошлаган.

Улар Темирбаевни тўхтатишганда унинг ёнида автомобилнинг ҳужжатлари йўқ бўлган. Автомобил жарима майдонига олиб келинган.

Жалолобод ИИБнинг матбуот котиби Миктибек Турдубеков мэрнинг вазифасини бажарувчи Темирбаев маъмурий жавобгарликка тортилишини айтди.

Темирбаев ўзи Kloop.kgга милиция уни тўхтатмаганини, автомобилининг ортида рақами йўқлиги сабабли дарров қувишга тушганини айтди.

«Ҳайдовчим ортки қалқончани синдириб олиб, номерни олиб қўйибди. Тунда рулга мен ўтирдим, ортимдан милиция тушиб, мен тўхтадим. Мени сигнал билан тўхтатишгани йўқ, ортда рақам йўқлигидан дарров ортимдан жўнашди», — деди Темирбаев.

Унинг айтишича, у 520 сом жарима тўлаб, автомобилини олиб кетган.

Темирбаев кун сайин Жалолободда шу каби 150 ҳолат рўйхатга олинишини айтди.

«Буни мен мэрлик вазифасини бажараётганим учунгина халққа овоза қилишмоқда», — деди у.

Патруль милициясининг Жалолободдаги рейди бир ойдан ортиқ давом этди. Рейднинг биринчи ҳафтасидаёқ ҳуқуқ тартиботчилари йўл харакати қоидасини бузганлиги учун ички ишлар органларининг саккизходимига маъмурий протокол тузишди.

Муаллиф: Нуржамал Жанибекова