Қирғизистонда “соядаги ҳукумат” ташкил этилди

592

Қирғизистон расмий ҳукумати таркибига кирмай қолган мамлакатдаги таниқли сиёсатчилар “соядаги ҳукумат” ташкил этилганини эълон қилди.

Мақаланинг асли «Озодлик» радиосининг сайтида чиққан.

Қирғизистондаги “Тоза Қирғизистон”, “Ор-Номус”, “Эрк” партиялари раислари Марат Иманкулов, Феликс Кулов ва Турсунбой Бакир ўғли “соядаги ҳукумат”ни ташкил этиш бўйича меморандумни имзолади.

-“Соядаги ҳукумат” демократик воситалардан бири. У ташқи ва ички сиёсат бўйича танқидий фикрларини ва тафсияларини амалдаги ҳукуматга тақдим этади. Шунингдек, ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб муаммолар юзасидан “соядаги ҳукумат” ўз дастурларини ишлаб чиқиб, уни жамоатчилик муҳокамасига тақдим этади.”Соядаги ҳукумат”ни конструктив мухолифат, деб номлаш ҳам мумкин. Иккинчидан, жорий йилда ўтадиган президентлик сайлови арафасида норозиликлар тўлқини юзага келиши мумкин, деган гаплар ҳам бор. Бу каби инқирозли вазият юзага келса, биз амалдаги ҳукуматга ёрдам кўрсатишга тайёрмиз,-деди Марат Иманкулов

Парламентнинг собиқ депутати Турсунбой Бакир ўғли эса мамлакатда қандайдир сабаблар билан ҳокимият бўшлиғи юз берса, “соядаги ҳукумат” бу бўшлиқни тўлдиришини маълум қилди.

-Асосий мақсадимиз ўз имкониятларимизни кўрсатишдир. Биз расмий ҳукумат такриби қандай бўлса, ўшандай ҳукуматни ташкил қиламиз. “Соядаги ҳукумат”да ҳар бир вазир лавозимига камида уч номзод бор. Ўша номзодларни танлов асосида вазирликка тайинлаймиз. Улар “соядаги ҳукумат”да ўз салоҳиятларини ва имкониятларини намойиш этишади. Улар келажакда ташкил этиладиган амалдаги ҳукуматга ҳам аъзо бўлиб қолишлари мумкин, - деди Турсунбой Бакир ўғли.

“Соядаги ҳукумат” 2017 йилнинг кузида ўтадиган президентлик сайловлари арафасида ташкил этилган мухолифат партиялари иттифоқидан бири бўлди. Бунгача президентликка даъвогар эканликларни яширмай келган Адахан Мадумаров, Қамчибек Ташиев ва Акматбек Келдибековлар ўзаро бир сиёсий гуруҳга бирлашган эди.

Сиёсатшунос Марс Сариев фикрича, “соядаги ҳукумат”нинг ташкил этилиши амалдаги расмий ҳукумат учун ҳам фойдадан ҳоли эмас.

-“Соядаги ҳукумат” мухолифат кучларидан тузилганига қарамай, мамлакатда инқирозли вазият юзага келиб қолса, бу инқирозни бартараф этишга хизмат қиладиган жуда яхши механизмдир. Бундай тузилманинг бўлиши амалдаги ҳукумат учун ҳам фойдалидир, -деди Марс Сариев.

Айни пайтда бир қатор сиёсатшунослар “соядаги ҳукумат” ташкил этилишини мухолифатнинг талвасаси сифатида баҳоламоқда. Уларга кўра, “соядаги ҳукумат” аъзолари ўз вақтида расмий ҳукуматда катта амалларни эгаллаган, аммо ўзларини кўрсата олмаган одамлардир.