Ўшликлар янгиликлардан смс орқали хабардор бўладилар

1038

Ўшдаги оммавий ахборот воситалари ресурс маркази ташаббусига кўра, эндиликда ўшликлар смс хабарлар орқали янгиликлар олиш имкониятига эга бўладилар. Мазкур лойиҳа журналистлари фикрича, смс янгиликлар Интернет ва газетадан кўра тезроқ ва қулайроқ.

Ресурс маркази бошчиси Максуда Айтиева сўзларига кўра, смс хабарлар орқали ўшликлар шаҳарда бўлаётган воқеалар тўғрисида маълумотлар ола оладилар.

Унинг айтишича, эндиликда ўшликлар «марказий ахборот воситалари назаридан четда қолиб қоладиган» янгиликларни олиш имкониятига эга бўладилар.

СМС янгиликлар уч тилда: қирғизча, русча ва ўзбек тилларида юборилади.

«Мазкур хизмат бепул бўлиб, смс янгиликлар олти ойга мўлжалланган лойиҳа ҳисобига юборилади», ― дейди Айтиева.

ОАВ ресурс маркази раҳбари Максуда Айтиева янгиликлардан бохабар бўлмоқчи бўлган шаҳарликлар телефон рақамларини рўйхатга олиш давом этаётганини айтди.

СМС янгиликлар лойиҳаси муаллифи Алла Пятибратова сўзларига кўра, интернет ва газеталардан кўра мобил телефон алоқалари ўшликлар учун оммабоп восита. Унинг айтишича, ўшлик ўзбеклар интернетдан жуда оз фойдалангани боис, улар орасида турли миш - мишларни тез тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Журналист сўзларига кўра, СМС янгиликлар «бир қатор»ли бўлиб, янгиликни янада батафсил ўқимоқчи бўлганлар махсус сайтга кириб, янгликни тўлиқ ўқий оладилар. Хозирда мазкур сайтни ишга тушириш бўйича ишлар олиб бориляпти.

«Тинчликни мутаҳкамлаш»

Лойиха муаллифи Пятибратова сўзларига кўра, барча янгиликларни «профессионал журналистлар» тайёрлайдилар.

«Журналистлар янгиликларни қандай ёзишни билади ва сўзсиз икки манба қоидаларига риоя қиладилар. Яъни, бу янгиликлар текширилиб сўнг берилади», ― деди журналист Kloop.kgга берган интервьюсида.

Ўш шаҳар ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиковнинг фикрича, аниқ ва текширилга маълумот шаҳарда тинчлик ўрнашига маълум даражада хизмат қила олади.

«Агар улар миш - мишларга таяниб миллатлараро низони қўзғашга сабаб бўлсалар бу албатта биринчидан шаҳарликлар ҳамда ресурс марказнинг ўзига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ҳамма гап берилаётган маълумотнинг қанчалик даражада хақиқатга яқин эканида», ― деди Сидиков.

Алла Пятибратова сўзларига кўра, барча янгиликлар «ижобий» бўлиши керак.

«Одамлар негатив маълумот ва хабарлар билан тўлиб тошган, улар ижобий янгиликларни хоҳлашмоқда», ―дейди Пятибратова

Медиа эксперт Александр Кулинский бўлаётган янгиликлар «борича» берилиши кераклиги, олдиндан «фақат ижобий хабарларни бериш»ни мақсад қилиш нотўғри эканини таъкидлайди.

Хар қандай хабар биров томонидан салбий тарзда қабул қилиниши мумкин, одамлар хабарни турли талқин қилишлари мумкин», ― деди Кулинский Kloop.kg билан суҳбатда.

СМС янгиликлар орқали шаҳардаги миш мишлар билан курашиш қийин кечишини қўшиб ўтди медиа эксперт.

«Журналистлар» ижтимоий уюшмаси бошчиси Марат Токоев шаҳарда бўлиб ўтаётган воқеаларни ҳар қандай воситалар билан ёритиш ғоясини қўллашини айтади.

Операторлар раддияси

Ўшда хозирги кунда Қирғизстоннинг тўрт уяли алоқа операторлари ― «Мегаком», «Билайн», «Фонекс» ва «О!» хизмат кўрсатади.

СМС янгиликлар лойиҳаси ташаббускорлари сўзларига кўра, уяли алоқа операторлари мазкур лойиҳани қўллашдан бош тортганликлари учун, смс хабарлар Oshmedia.kg сайтидан махсус дастур орқали юборилади.

«Мегаком» уяли алоқа оператори матбуот котиби Елена Копцева смс янгиликлар лойиҳасини «ғалати» деб атади.

«Нима учун коммуникациянинг айнан шу турига боғланиб қолиш керак? Ахир бошқа алоқа воситалари борку: Интернет, ижтимоий тармоқлар, ахборот агентликлари. Бу алоқаларни ўз ичига олган мобил Интернет бор», ― деди Копцева Kloop.kgга берган интервьюсида.

Аҳоли фикри

Ўшлик Ойбек «объектив ахборот»га муҳтож эканини айтади.

«Агар бу хизмат абонентлар учун бепул бўлса мен бу ғояни қўллайман. Агар янгиликлар ўз вақтида келиб турса ҳамма буни қўлласа керак. Бу бугунги кунда жуда актуал масала, мен ўзим ҳам баъзан телефонимдан интернетга кириб тураман», ―дейди шаҳар яшовчиси.

Ўз исмини айтмасликни сўраган яна бир ўшликнинг фикрича, смс янгиликларни бутун Қирғизистон бўйлаб юбориш керак.

Ўшлик талаба Руслан эса Япониядаги бўлиб ўтган зилзилани мисол қилиб, смс янгиликлар японияликларга талофат ҳақида биринчи бўлиб хабардор қилган.

Аудиоянгиликлар

2011 йил феврал ойида «Куш Кабар» лойиҳасининг расмий презентацияси бўлиб ўтганди. Лойиҳа асосчиларига кўра, мамлакатнинг турли регион яшовчиари қўл телефони ёки стационар телефон орқали қўнғироқ қилиб янгиликларни эшитишлари мумкин.

Лойиҳа мухбири Наталья Сикеринанинг айтишича, янгиликларни рус ва қирғиз тилида эшитиш мумкин. Яқин кунларда янгиликларни ўзбек тилида ҳам тинглаш имконияти туғилади.